Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент орзусидаги шаҳар. Мўйноқ, қумга айланган Орол ва ортга қайтган оққушлар (фото)

Президент орзусидаги шаҳар. Мўйноқ, қумга айланган Орол ва ортга қайтган оққушлар (фото)

Фото: Абдуқодир Мўминов

Қорақалпоғистонга пресс-тур ташкил этилиши ҳақида хабар берилганда дарҳол кўз олдимга энг аввало Орол қумлари келганди. Ҳамма ҳам шундай бўлса керак, ҳозир Мўйноқда денгиз эмас, чўл бор. Асримизнинг энг йирик экологик фожеасини кўриш учун эса дунёнинг турли ўлкаларидан келишмоқда.

Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турнинг иккинчи кунида Мўйноқ сари йўл олдик. Бир вақтлар мавжланиб турган денгиз ўрнини эгаллаган чўлни кўриш навбати ниҳоят бизга ҳам келди. Йўл бўйи фотоаппаратлар тиним билгани йўқ. Кўрганини етказишни ҳар бир журналист истайди. У хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон. Бахтимизга кўрганларимизнинг барчаси ҳам ёмон эмас эди.

Мўйноққа яқинлашганнинг биринчи белгиси, бу - йўл. Йўл торайиб, вақти-вақти билан машинанинг томига бошингиз тегар даражада сакрай бошладингизми, демак Мўйноқ туманига кирибсиз. Агар мана шу нохушликдан ўзингизни чалғита олсангиз ва атрофни томоша қилиб кета олсангиз, ажойиб манзарага кўзингиз тушади. Йўқ, бу шунчаки чўл эмас. Саксовуллар шу қадар кўпки, ўрмонни эслатади. Фақат пастак, одам бўйидан салгина баланд ўрмон. Шундай бўлса-да, беихтиёр машинани тўхтатиб, мана шу саксовул-у юлғун босиб ётган чўлни айлангиси келади кишини. Афсус, вақт тиғиз.

Ҳар қандай жафога кўниккан қорақалпоқ халқи эса мана шу чўлда ҳам ризқини териб юрибди. Ора-орада йўлингиздан туя, мол-қўй подаси чиқиб қолади. Ўтлаб юрибди бамайлихотир. Ҳатто фотоаппарат объективига ҳам мана бундай қараб бериши мумкин.

Мўйноққа кириш олдидан бизни энг хурсанд қилган жиҳат, мана бу кўл ва ундаги оққушлар бўлди. Орол қуриди, орадан бироз вақт ўтиб ҳатто ён-атрофдаги кўлларга ҳам сув келмай қўйди. Шундан сўнг Мўйноқ заминидан оққушларнинг ҳам қадами узилди.


Баъзан озгина эътибор ҳам табиат учун етарли бўлиши мумкин. Жуда Орол тўлмаса ҳам ён-атрофдаги кўлларга сув келиб қолган эди, оққушлар ҳам қайтди. Буни бизга Мўйноқ табиат музейидагилар айтиб беришди. Оққушларнинг қайтганига бир йил бўлибди. Ўтган йили майда кўриниш берган қушларнинг салмоғи, кўз тегмасин, бу йил анча кўп.



Аммо топганларимиздан кўра йўқотганларимиз барибир кўплигини Мўйноқ табиат музейини томоша қила бошлагач биласиз. Музейга кирганингиз ҳамоно кўзингиз турли жонивор ва қушларнинг жонсиз танасига тушади. Мана бўри, ана ўрдак, бу ерда эса тулки ва сувсарлар турибди. Ҳеч бирининг жони йўқ, қотиб турибди.

Музейдаги консерва банкаларининг баъзиларига эса 100 йил бўлган. Бир вақтлар бутун дунёга машҳур бўлган Мўйноқ консерва заводига қўйилган қайғули ҳайкал, десак ҳам бўлар балки.

Шу билан бирга музейда қорақалпоқ халқининг турмуш тарзига оид турли экспонатларга ҳам кўзингиз тушади.



Аслида ҳаммаси бундан анча ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Аниқроғи, ёмон эди, деб бемалол айтсак ҳам бўлади. Икки-уч йил муқаддам бу ерларга келган одам яна-да тушкун кайфиятда қайтган бўларди. Ҳозир эса Мўйноққа катта эътибор қаратилмоқда. Мана шу музей ҳам ўша эътиборнинг меваси.



Ҳеч бўлмаса бу ерга келаётган болаларни кўриб кўнглингиз кўтарилади.


Қўрқинчли хронология. Орол денгизининг 1988, 2008 ва 2018 йиллардаги ҳолати. Коинотдан туширилган ушбу сурат бир вақтлар мана шу денгизда сузиб юрган қайиқнинг ортига жойлаштирилган.

Президент Мирзиёев ўтган йили Мўйноққа қилган ташрифи чоғида бир қатор вазифаларни белгилаб бериб кетган эди. Мана шу вазифалар қаторида табиат музейи, маданият саройи ва халқ қабулхонаси қайтадан бунёд бўлди. Янги амфитеатр қурилди. Айни вақтда эса шаҳарда парк, хиёбон ва стадион бунёд этиш ишлари кетмоқда. Умуман, шаҳарга кирганингиз ҳамоно ҳар томонда ё бузилаётган, ёки қурилаётган иморатларни кўрасиз. Марказий кўчанинг ҳар икки томонини замонавий икки қаватли уйлар эгаллаши лозим. Яқин уч-тўрт ойда Мўйноқ буткул янгиланади.



Халқнинг кайфияти анча кўтаринки. Кунда-кунора янгиликлар бўлиб турибди. Масалан, биз борган куни шаҳар мактабларига 3 километр ва ундан узоқроқдан қатнайдиган ўқувчиларга велосипед тарқатилаётган экан. Халқ таълими вазирлиги ва прокуратура бош бошқармаси ҳомийлигида ўтган бу тадбирга бирров кириб ўтдик.


Мўйноқнинг энг катта фожеаси ва афсуски бугунги кунда энг ўзига жалб қиладиган жиҳати ҳам бу - қуриб битган Орол. Энди унинг номи - Оролқум. Сафаримизнинг сўнгги босқичи айнан шу ерга тўғри келди.

Мўйноқдаги кемалар қабристонига келганимизда бизни ажаблантиргани - мана бу бетон йўлак бўлди. Нима керак бор? Ахир бу ерга сайёҳлар бетон йўлакда юриш эмас, бир вақтлар денгиз бўлган жойда қум кезиш учун келмайдими?

Хуллас, шунақа гаплар. Имкон қадар кўрган-кечирганларимизни сизга етказишга ҳаракат қилдик. Мўйноқ ҳозир янгиланиш даврида. Бу ерга яқин вақтларда сайёҳлар оқими яна-да кўпайиши шубҳасиз. Бунинг учун шароитлар ҳам яратилмоқда. Фақат шу йўл масаласини ҳам бир кўриб чиқишса, яхши бўларди.

Муаллиф: Зафар ҚОСИМОВ
Фото: Абдуқодир МЎМИНОВ


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг