Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент очиқликни талаб қилмоқда, мутасаддилар эса... Яна бир муҳим тадбирга ОАВ ходимлари чақирилмади

Президент очиқликни талаб қилмоқда, мутасаддилар эса... Яна бир муҳим тадбирга ОАВ ходимлари чақирилмади

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтибди.

Ўтган замон феълида ёзилаётгани боисики, маҳкама матбуот хизмати «сиқиб, суви чиқарилган» маълумотнома тақдим этмаганида бундай ўта муҳим тадбир бўлиши не, ҳатто бўлиб ўтганидан ҳам бехабар қолардик, рости.

Маълумингизким, ўтган 2019 йилнинг 25 декабрь куни Бош прокурор раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлганди. Ўшанда соғлиқни сақлаш тизимидаги порахўрлик, суиистеъмолчилик ва бошқа иллатлар очиқ-ошкора айтилиб, ким-ким — вазир «обориб-олиб келинганди»ки, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилгани йиғилишга доир ахборотлар наинки «пардоз-андозсиз», балки «қайноқ ҳолда» ёритиб борилганди.

Турган гап, «иссиғида» ёритилган тадбирларнинг акс-садоси шунга яраша бўлади...

Шу йилнинг 18 январь куни эса мазкур Идоралараро комиссиянинг набатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Ўтган галги йиғилишга журналистларни таклиф этиб, билиб-билмай катта шов-шувларга сабаб бўлинганидан «тегишли хулоса» чиқарилдими, ким билсин, бу сафар оммавий ахборот воситаларида ходимлари чиқарилмади. Ваҳоланки, идоралараро комиссиянинг кейинги йиғилишида олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Жамиятни ичидан емириб турган иллат муҳокамасига доир бундай тадбирлар оммавий ахборот воситалари ходимларисиз ўтгани, жуда юмшоқ айтганда, тушунарсиз. Мамлакат раҳбари давлат идораларини очиқлик ва шаффофликка даъват этаётган бир пайтда мутасаддилар яна «ёпиқликка» қараб ҳаракат қилаётганини ўзлари изоҳлар, балки?!

Бугунги тадбирга қайтсак.

Бош прокуратура матбот хизмати тарқатган хабарга қараганда, видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилиши аҳволи ҳамда соҳада қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинган.

Президент Администрацияси масъул ходимлари, комиссия аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Давергеодезкадастр» қўмитаси, шунингдек, соҳага алоқадор бошқа вазирлик ва идоралар раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этган йиғилишда ер майдонларидан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилиб, бу борада эришилаётган муайян ютуқлар эътироф этилган. Камчиликлар ҳам рўй-рост айтилиб, соҳада порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ер майдонлари талон-торож қилинишига оид жиноятлар ҳақида ахборот берилиб, масъуллардан бунга изоҳ сўралган.

Пировардида, аҳоли сони тобора ошиб борадиган, ер майдонлари ҳажми эса чекланган шароитда, бу соҳадаги коррупция, тизимли камчилик ва қонунбузилишларни бартараф этиш, она заминимиз ер майдонларини асраб-авайлаб келажак авлодларга етказиш зарурлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг