Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилар билан учрашди (фото)

Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилар билан учрашди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати.

Юртимизда Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари рағбатлантирилиб, саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, шу кунларда уларнинг бир гуруҳи санаторийларда даволанмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Тошкент шаҳридаги «Chinobod Plaza» санаторийсига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди. Анорбой ота Жалилов, Ашир ота Ўсаров, Антонина Коломенцева, Тўлаган ота Имомов, Аббос ота Аппанов билан дилдан суҳбатлашди.

– Сизларни кўрай, байрам билан табриклай деб келдим. Бу, аввало, сизларнинг байрамингиз. Ўша пайтлардаги жасорат ва матонатингиз туфайли кейинги авлодлар тинч, эркин яшади. Машаққатли меҳнат ва зафарларга тўла ҳаёт йўлингиз бугунги ёшлар учун чинакам ибрат мактаби, ватанпарварлик мактаби, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сиз билан бутун эл-юртимиз фахрланади, – деди давлатимиз раҳбари.

Уруш қатнашчилари ҳурмат ва меҳр оғушида яшаётгани, соғлиги яхши, ҳаётидан рози эканини айтди. Ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда, фарзанд ва набираларининг ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди.

– Мана, яқинда янгиланган Конституциямизни қабул қилдик, – деди Президент. – Мамлакатимиз ривожини ошириш, халқимиз ҳаётини яхшилаш бўйича катта марралар олдик. Мана шундай ўзгаришлар пайтида сиздек катта тажрибага эга инсонларнинг ёнимизда бўлиши, маслаҳатларингизни олиш бизга чексиз куч-ғайрат беради.

Нуронийлар эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилди.

– Табаррук дуоларингизни олиш, сизга қўшилиб халқимизнинг тинчлигини сўраш – катта бахт. Ҳаётда кўп-кўп синовларни кўрган, қарийб бир асрлик ҳаёт тажрибасига эга бўлган сиздай муҳтарам инсонларнинг дуолари ижобат бўлади. Нуронийларимиз учун барча зарур шароитларни яратишга бундан буён ҳам катта эътибор қаратамиз. Бу – биз учун муқаддас бурч ва вазифадир, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг