Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пиёдани уриб кетган Бош прокуратура бошқармаси ҳайдовчисига жиноий иш очилди

Пиёдани уриб кетган Бош прокуратура бошқармаси ҳайдовчисига жиноий иш очилди

Фото:«Xabar.uz»

Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси Бош прокуратура бошқармаси ҳайдовчиси Ж.А.га нисбатан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда  Бош прокуратура матбуот хизматига асосланиб, «Дарё» хабар берди.

Бош прокуратура бошқармаси ҳайдовчиси Ж.А. жорий йилнинг 24 январида соат 19:15 ларда хизмат юзасидан ўзига бириктирилган Lacetti 2 русумли автомашинани Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб йўлнинг биринчи ҳаракатланиш бўлагидан бошқариб кетаётиб, Шаҳрисабз—Тараққиёт кўчалари чорраҳаси пиёдалар ўтиш жойига яқинлашган вақтида, амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 111-бандидаги «Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёдага қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак» деб кўрсатилган талабларига риоя қилмаган ҳолда ҳаракатини давом эттириб, секинлашиш чораларини кўрмасдан, чорраҳанинг пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб келаётган 1960 йилда туғилган Н.Х.ни автомашинанинг олд ўнг томони билан уриб юборган.

Натижада жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан, 1-сонли Республика клиник шифохонасига жойлаштирилган ва 29 январь куни шифохонада вафот этган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида тегишли экспертизалар ўтказилиб, Ж.А.га ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилинган.

«Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан судга юбориш арафасида. Мазкур ҳолат юзасидан қонунийлик қатъий таъминланиши кафолатланади»— дейилган прокуратура хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг