Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Паспорт стол» судга келмади, энди жарима тўланадими?

«Паспорт стол» судга келмади, энди жарима тўланадими?

Фото: «Xabar.uz»

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнуд Худойбердиев Яшнобод туман маъмурий судида Тошкент пропискасига оид иккита иш кўрилгани, аммо улардан бирига миграция бўлимидан ҳеч ким келмагани ҳақида ўз каналида ёзиб қолдирди.

«Бугун Яшнобод туман маъмурий судида Тошкент пропискасига оид 2 та суд иши белгиланган эди.

1-масала: янги уй сотиб олиб, 1-банд билан пропискага кирган шахс ўзининг оиласи бор фарзандини пропискага олиб кириш учун ариза берган, лекин «паспорт стол» буни рад қилган. Шу бўйича дастлабки суд муҳокамаси бўлиб ўтибди. Томонларнинг важлари тингланибди.

(муаммо ҳақида батафсил)

2-масала: 3 киши биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида янги уй сотиб олган, лекин «паспорт стол» пропискага қўйиб беришни ҳеч бир асоссиз чўзиб юрибди. На қаноатлантиради, на рад қилади. Ушбу масала юзасидан фуқаролар судга мурожаат қилган.

(муаммо ҳақида батафсил)

Лекин энг қизиғи 2 сафардан буён, яъни 29 апрелда ҳам, 2 майда ҳам Яшнобод туман миграция бўлимидан судга ҳеч ким келмаган. Масалан, бугун бир кунда, деярли олдинма-кейин бўлган суд мажлисларининг биринчисига кириб, иккинчисига кирмай кетиб қолишибди. Боз устига иккала ишга ҳам битта судья раислик қилмоқда, эшитмай қолган бўлиши эҳтимолдан йироқ. «Паспорт стол» нега келмаяпти?

Чунки тахминимизча, 1-масала юзасидан «паспорт стол»нинг қўлида ИИВ Бошқармасининг кўрсатмаси бор. Гарчи ўша кўрсатма қонун ҳужжатларига зид бўлса-да, ҳар ҳолда миграция бўлими шуни важ қилиб кўрсата олади, қўлида қоғози бор.

2-масала бўйича эса, уларнинг қўлида ҳеч нарса йўқ. Катта эҳтимол билан оғзаки топшириқ бўлган ва шунинг учун улар атайин пропискага киритишни чўзиб юришибди. Балки шунинг учун бўлса керак, 2 сафардан буён судга келишмаётгандир. Ким билсин яна.

Ажойиб! Суд ҳокимиятининг ҳурматини қаранг!

«Чақирсанг, чақиравер, биз барибир бормаймиз» дейишмоқчими бу билан? Наҳотки суд туман миграция бўлими бошлиғини (вакили) мажбурий келтира олмаса? Ёки улар 1 йил келмаса, суд 1 йил кутадими?

Майли, кутайликчи, нима бўларкин. Иккала масала бўйича ҳам кейинги суд мажлиси 7 май (сешанба) кунига белгиланган.

P.S.: шунчаки эслатиб қўймоқчи эдим, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасига биноан, суд мажлисига чақирилган шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлаши судга ҳурматсизлик деб баҳоланади ва энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг