Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Ўзимни аёл эмас, зараркунандадай ҳис қилдим». Ҳалол яшаш учун курашаётган ёлғиз оналар қисмати

«Ўзимни аёл эмас, зараркунандадай ҳис қилдим». Ҳалол яшаш учун курашаётган ёлғиз оналар қисмати

Фото: «YouTube»

Санобар (исми ўзгартирилган) 43 ёшда. Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшайди. У ёлғиз она, ўғлини ўзи вояга етказаяпти. У ғурурли, иродали. Ўғлининг келажаги, яхши тарбия олиши учун жуда кўп изланади. Баъзидан кийинишдан, емоқ-ичмоқдан ўзини тияди. У ўғлининг олийжаноб, саховатли яхши бир инсон бўлиб вояга етишишини истайди. Шунинг учун кўп вақтини ўғлининг тарбияси, илм олиши учун сарфлайди.

Онасининг қўллаб-қувватлови туфайли ўғли Олимжон (исми ўзгартирилган) жуда чиройли расмлар чизади, пластилиндан санъат намуналари яратади. Онаси интернет орқали болалар учун қўл меҳнати қўлланмалари, яъни ҳунар сирларидан доимо хабардор қилиб боради. Она-ўғил бўш вақтларида турли ўйинчоқлар ясашади. Олимжон тушликка берилган пулини ўзи учун ишлатмайди. Саховат қилади. Янгийўл бозоридаги дарвоза олдида икки оёғи йўқ ногирон инсонга ҳар куни иккита нон ташлаб келади...

Санобар нима учун интернетга кўп киради, биласизми? У ўзига тўқ одамлардан ҳомий қидиради. Ва ўша ҳомийлардан атрофидаги бева-бечораларга, шароити оғирларга ундирганича нималардир олиб беради. Масалан, ногиронга — аравача, уйи қулаб тушай деб турган бир кампирга — кондиционер (ўзининг уйида кондиционери йўқ).

Санобарнинг саховатли ишлари. 

Уни йўқлаб борганимда бир пас ҳам ҳоли гаплашиб ўтиролмайди. Доимо уйида йўл-йўриқ сўраб келадиган аёл-қизлар бўлади: «Хотин-қизлар қўмитасига хат ёзмоқчи эдим...», «Тўрт болали ёлғиз онаман, кимдан ёрдам сўрасам бўлади...» Адиба исмли аёл менинг журналистлигимни эшитиб, муаммоси билан ўртоқлашади: «Турмуш ўртоғим билан мени қайнонам уйимиздан ҳайдаб юборди. Ҳозир акамнинг бўш уйида турибмиз», — дейди. «Ишсизман, турмуш ўртоғим топадиган ойлик билан ҳали бери уй ололмаймиз».

— Қайнонангиз нега ҳайдаб юборди?

— Қайнонам мени ҳайдаб юбориб, турмуш ўртоғимни биринчи хотини билан яраштирмоқчи, ҳатто ўша биринчи келинини уйга олиб келган. Хўжайиним эса мен билан яшамоқчи. Онасининг гапига рози бўлмагани учун бизни ҳайдаб юборди...

Айтингчи, буларга қандай ёрдам бериш мумкин?

Хуллас, Санобарнинг бу қилаётган ишлари учун ҳеч ким ҳақ тўламайди. Қийналган одамларга йўл-йўриқ кўрсатишни, ёрдам беришни бурч юзасидан қилади.

Санобар иродали, ғурурли. 14 йил ижарама ижара юрганда ҳам ёмон йўлга кирмади. Ва бир куни ўғли Олимжон Президентдан уй сўраб мактуб ёзди. Мактубдан сўнг, унга Янгийўлдаги аввал қурилган уйлардан биридан икки хонали уй беришди. Она-боланинг бахтиёрлигини айтмайсизми?

Санобар кимга нима учун мурожаат қилишни яхши билгани учун ундан ёрдам сўраб келадиганлар сони кўпайиб кетди. Ҳали қарасанг Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга мурожаат қилиб, бир хонадонда касал бўлиб ётган, аммо даволанишга имкони йўқ икки болакайни касалхонага ётқизган, бир қарасанг, қандли диабет билан оғриган 25 ёшдаги қизни шифокорлар оғир аҳволда қайтариб юборишганда шифохонага қайта ётқизишга эришган...

Бир сафар қандли диабет касаллигига чалинган қизи ва уч невараси билан совуқ, газсиз уйда ижарада турган ва оқибатда ҳайдалаётган аёлга ёрдам бериш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилади. Ҳатто телевидениени чақиради. Ҳокимликдагилар Санобарга ташланишади. «Нега телевидениени чақириб бизни шарманда қилдинг», дейишади. Аммо у барибир буви билан невараларни таъмирдан чиққан иссиқ уйга кўчиришга эришади. Лекин унга «сенга уйни биз олиб берганмиз», деган миннат ёқмайди. Ўша кунлари Санобар телеграмимга шундай деб ёзди: «Тўғри, қийналиб уйга эришганман. Аммо уларнинг миннати менга оғир ботди. Ҳатто қайтариб беришга ҳам рози бўлиб кетдим, опажон!»...

Хўш, Санобар қаерда ишлайди? Шу пайтгача ҳар куни 20 минг сўм эвазига яна бир ёлғиз аёлнинг чақалоғига энагалик қилаётганди. Орада ўзи яшаётган ҳудудни супуриб туриш учун ишга олишди. Аммо икки ой ўтса ҳамки, ойлигини беришмади. Бир неча марта иш ҳақини сўради, аммо маошдан дарак бўлмади. Кейин у Республика хотин-қизлар қўмитасининг раиси Т.Норбаевага интернет орқали мурожаат қилади.

Ўша кунлари у телеграмимга шундай ёзганди: «Опажон, Танзилла Норбаевага раҳмат. Мурожаат қилганимнинг эртасигаёқ ҳокимлик ва биржадан икки вакил югуриб келишди. Мен ўғлимнинг оёғига этик олиб бериш учун ойлигимни сўрагандим. Улар менга икки ойлик пулимни олиб келишибди. Мен уларга майли бир ойлигимни бўлса ҳам бераверинглар, ўғлимнинг оёғига этик олишим керак, дедим. Улар нима қилди, биласизми опажон, хурсанд бўлганича бир ойлик пулимни ташлаб кетишди. Улардан яна бир ойлигимни беринглар, деб сўрагим келмади, ғурурим йўл қўймади...»

Ҳа, Санобар ғурурли, иродали. Агар ғурурли, иродали бўлмаганида бошига тушган шунча кўргуликлардан кейин ҳаётдан кўнгли совуши, жуда бўлмаганда чет элга кетиб қолиши мумкин эди. Аммо у ҳар гал бир гапни такрорлайди: «Мен фарзандимни олий маълумотли, саховатли, яхши инсон қилишим керак. Бунинг учун ўзим ўрнак бўлишим лозим. Яхши кийинмасам ҳам, яхши еб-ичмасам ҳам ўғлимнинг келажаги учун барча нарсамдан воз кечаман».

Ўғлининг пластилиндан ясаган санъат намуналари.
Ўғли билан биргаликда ясаган ўйинчоқлари.

Янги йил арафаси эди. Санобар менга ёзувларидан кўз ёш оқаётган мактуб жўнатибди: «Опажон ясаган ўйинчоқларимизни сотиб, йиғиб юрган пулимизга ўғлимга эски велосипед олиб бергандим. Ўғирлаб сотилган экан. Велосипеднинг эгаси ўзига тўқ фермер участка нозири билан келиб бизга бақириб кетди. Менга алам қилгани, бизни одам ўрнида кўрмагани. «Буни сотиб олганмиз, дейишимизга қарамай, ўғлимнинг ювиб, артиб энди минаман деб турган жойида олиб кетиб қолди. Сотувчини яхшиям видеога олиб қўйган эканман. Эртасига участка нозири ўғирлаб сотган боланинг акасидан бизга пулимизни ташлаб кетди. Ўғлимнинг ўксигани қолди. Мен ёмон онаман. Нега эски велосипед олиб бердим. Яна озроқ сабр қилиб, янгисидан олиб берсам бўлмасмиди?...»

Айни пайтда Санобар яна ишсиз қолди. У Янгийўлдаги бир цехга иш сўраб борди. У ўша кунги воқеани аччиқ алам билан яна ёзиб юборибди:

«... Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган цехга Адиба (қайнонаси уйидан қувиб юборган ишсиз аёл) исмли дугонам билан иш излаб бордик. Бизни қабул қилишди. Кечгача ишладик. Футболкаларни «чистка» қилдик. Бир соатда 70 та футболкани «чистка» қилиш керак экан. Биз биринчи куни бўлгани учун 60 донадан қилдик. То кеч бўлгунча ҳеч ким индамади. Ёнимиздаги ишчилар зўр ишлаяпсизлар, деб айтишди. Аммо оёқларимизда жон қолмади. Кечга томон «мастер» ёнимиздан ўтиб кетаётиб: «гаплашманглар» деб бақирди. Мен «энди гаплашдик, ҳатто ҳожатхонага ҳам бормай ишлаяпмизку» дедим. Шунда ҳам бизга ҳеч ким кетинглар демади. Аммо иш тугагач, турк бошлиқ бизни хонасига чақирди. «Эртага ишга келманглар», деди. Мен сабабини сўрашга ҳақлиман деб ўйлабман. «Нега?» дедим. Савол берма, «қарисан» деди. Қари бўлсак ҳам уч ойдан бери ишлаётган ёшлардан яхши ишладик-ку деганимни биламан, бизга қараб шиша идишини отиб юборди. Менинг хўрлигим келиб йиғлаб юбордим. «Унда менга бир кунлик маошимни беринг», дедим. «Маош керакми сенга», деб бақириб жазаваси тута бошлади. «Мен ўйнагани келганим йўқ, боламни боқишим керак», дедим. «Бир кунлик ҳақинг учун ҳамма ойлик олаётганда кел унда» деди. «Мен бу ерга олти минг йўлкира қилиб келдим. Яна бир кунлик маошим учун  шунча пул сарфлаб келаманми», деб жавоб қайтардим. Кейин менинг юзимга 15 минг сўмни отиб юборди. Ҳа, биз на пенсионер ва на ёшмиз. Аросатда қолган ёшдамиз. Ўзимни аёл, она эмас, зараркунандадай ҳис қилдим. Жамиятга ҳеч қандай фойдам тегмайдиган зараркунанда эканман. Боламга нима беролдим? Бир ишнинг бошини тутган яхши она ҳам бўлолмадим. Шундай ўқимишли болам олдида уялиб кетдим. Жамиятда ўз ўрнини тополмаган саводсиз онаман холос...»

Санобар иродали, Санобар ғурурли... У ҳам бошқалар каби ёмон йўлга кириб кетиши, ҳаётдан безиши, жуда бўлмаганда чет элга сурвориши мумкин... Аммо у фарзанди учун яхши она бўлмоқчи. Ўзининг бахтини, орзуларини фарзандида кўрмоқчи.

Аммо бу жамиятда у учун ҳамма йўллар беркилган. Тўғри, хотин-қизлар қўмитасига ўхшаган ташкилотлар бундай шароитдаги оилаларнинг бирига уй олиб берар, бирига бир марталик моддий ёрдам берар, аммо бу билан уларнинг муаммоси тугайдими?

Санобарнинг эскигина бўлса ҳам икки хонали, таъмирталаб уйи бор. Аммо иши йўқ. Айтайлик, ўша 600 минглик ишга ҳам кирди, аммо бу пул билан қандай кун кўриш мумкин? Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қайси эшикка бош суқмасин, поймол бўлаётган ғурурини тиклашнинг қандай йўллари бор? Четдан инвестиция олиб кираётган инвесторларнинг юқоридагидек муомала қилишини, айтайлик, Адлия вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бошқармаси ўрганиб кўрганми?

Мен ҳозир бир ёлғиз онанинг шу кунларда бошидан ўтаётган, яшаш учун, ҳалол яшаш учун курашаётганини тасвирлаб бердим. Ана энди айтингчи, мардикор бозорига аёллар нега чиқади? Нега фарзандларини ташлаб, хорижга кетади ёки енгилтаклик қилади. Кўпчилик масъул идоралар уларни шундай қоралайди: «Маънавиятсиз, ахлоқсиз аёллар енгил йўлни танлайди». Масалан, Санобар маънавиятли бўлгани учун фоҳишалик қилмаяпти, чет элга кетмаяпти, жиноят кўчасига кирмаяпти. Аммо унга маънавиятли бўлгани учун иззат ҳурмат кўрсатишаяптими? Маънавиятли бир фидойи аёлнинг қадрига етишяптими?

У ўз иродаси билан ҳамма қийинчиликни енгиб ўтишига ишонаман. Адолат кўрмаган, яхши инсон бўлгани учун қадрланмаганларни баъзида ҳаёт умуман бошқа йўлга бошлаши ҳам айни ҳақиқат...

Бугун, менимча, ҳақ-ҳуқуқи топталаётган аёлларга бир марталик ёрдам кўрсатиш билан уларнинг оғири барибир енгил бўлиб қолмайди. Балки, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ҳақида ҳар бир ташкилот бош қотирмоғи лозим. Бугун бундай ташкилотлар арзимаган ойлик берадиган корхоналар ташкил қилиниб, ишчи ўринлари яратилганини кўз-кўз қилиши керак эмас. Аёлларимизнинг 600 минг сўмгина ойлик берадиган ишда ишлаши — энг сўнгги чора. Бу дегани, айниқса, ёлғиз оналарнинг фарзандлари нонуштада шакар чой билан қуруқ нон еб, мактабга кетиши дегани.

Ҳа, Санобар ориятли, ғурурли аёл. У қийналса ҳам ёмон йўлга юрмайди, ҳаётдан кўнгли совумайди, сўнгги чора сифатида ҳорижга «сурвормайди». У ўғли учун яхши она бўлмоқчи. У фарзанди учун ҳалол, ғурурли, ориятли она сифтида ўрнак бўлмоқчи. Аммо... яшаш учун, яхши яшаш учун қай эшикка бош урмасин, у учун эшиклар ёпиқ. Санобар ёлғиз эмас, Санобарга ўхшаган фарзандига яхши томони билан ўрнак бўлишни мақсад қилиб тош келса кемириб, сув келса симираётганлар жуда кўп. Бу жамиятда бошқалардан кўраётган хўрликлари эвазига синган ғурурини, топталган ҳақ-ҳуқуқини кўз ёшлари билан ямаётган, бутлаётган Санобарлар кўп, жуда ҳам кўп...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг