Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз» раиси: «Кўп истеъмолчиларимизда кранни бурасак, газ чиқиб келаверади деган қараш сингиб қолган»

«Ўзбекнефтгаз» раиси: «Кўп истеъмолчиларимизда кранни бурасак, газ чиқиб келаверади деган қараш сингиб қолган»

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг нефт-газ сиёсати муаммолари ва истиқболлари, шунингдек, аҳолини энергия мабаалари билан таъминлаш мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда энергетика секторини тартибга солиш, энергоресурсларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий сармояни жалб қилиш, рақобатли бизнес муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш учун тариф сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича маълумот берилди.

Жумладан, жорий йил охиригача «Ўзбекнефтгаз» АЖ учта алоҳида мустақил компанияга бўлиниши, улардан бири газ ва нефть ишлаб чиқаришга, нефтни қайта ишлаш заводларини бошқаришга, иккинчиси нефть қувурларини бошқаришга, учинчиси эса газни тақсимлашни назорат қилишга ихтисослаши маълум қилинди.

Амалга оширилаётган, режалаштирилаётган ишлар қатори соҳада мажуд муаммолар юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

«Биз геологик қидирув ишларини ўз вақтида молиялаштириш, заҳираларимизни ўстиришга етарлича эътибор бермаяпмиз, — деди «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов. — Шуни ҳисобига бугун газ қазиб олишдаги муаммоларга дуч келмоқдамиз. Энг асосий муаммо — ҳозирда конларимиз жуда қийин аҳволда».

Мутасаддилар шу каби муаммолар жамоатчиликда ҳам эътирозлар уйғотаётганига тўхталиб ўтди.

«Жуда кўп танқидларга учраяпмиз, оммавий ахборот воситаларида «Нега ўзимизни газимизни ўзимизга бермаяпти» деган саволларга тўқнаш келяпмиз, — деди Баҳодир Сиддиқов. — Бунда муҳим жиҳат шундаки, газни табиий ва миллий бойлигимиз бўлиш билан бирга, товар (маҳсулот) эканини эсдан чиқариб қўймаслигимиз керак. Яқинда Осиё тараққиёт банки экспертининг мақоласи чиқди, унда: «Энергетика тизимида газга товар сифатида муносабат шаклланмаса, бу тизимда ривожланиш бўлмайди», деб ёзган эди. Буни жуда тўғри фикр деб ҳисоблайман. Чунки биз газдан фойдаланганда энергия тежамкорлигини, вақтида ҳисоб-китоб қилиш кераклигини эсдан чиқариб қўйяпмиз. Кўп истеъмолчиларимизда кранни бурасак, газ чиқиб келаверади деган қараш сингиб қолган».

Баҳодир Сиддиқовнинг айтишича, муаммоларнинг олдини олиш мақсадида автоматлаштирилган тизимни жорий этиш бўйича катта музокаралар олиб борилмоқда. Уч йил давомида республикамиздаги барча аҳоли қатламини, истеъмолчиларни автоматлаштирилган тизимга ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг