Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик шифокорлар Германиядаги мураккаб операцияларда иштирок этмоқда

Ўзбекистонлик шифокорлар Германиядаги мураккаб операцияларда иштирок этмоқда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан «Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш» лойиҳаси доирасида Германияда бўлиб туришибди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Германия ўртасида тиббиёт соҳасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Мангейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бундан ташқари, германиялик ҳамкорлар билан пойтахтимиздаги Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди. Лойиҳага 100 миллион евро миқдоридаги инвестиция жалб этилади. Кейинчалик вилоятларда ҳам немис технологияси асосида ишлайдиган шундай кўп тармоқли клиникалар очилиши режалаштирилган.

Шунингдек, делегация аъзолари Германиянинг Гамбург шаҳридаги Албертиний клиникаси шифокорлари билан ҳамкорликда хирургия, урология, гинекология ва онкология йўналишларида роботлаштирилган технологиялар ёрдамидаги мураккаб амалиётларда фаол иштирок этишди. Бундан ташқари, маҳорат дарсларида қатнашиб, роботлаштирилган технологияларда ишлаш кўникмаларини ҳам ҳосил қилишмоқда.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида замонавий ускуна ва технологияларни ишлаб чиқарувчи «Philips», «Dräger», «Heinemann», «Weinmann», «Fresenius», «Siemens» каби компанияларда бўлишиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди. Бундан ташқари, мамлакатимизда қўлланилаётган замонавий технологияларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш ва фаолиятини кенгайтириш борасида музокаралар ўтказилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг