Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда зарарли одатларга қарши кун ўтказилди (фото)

Ўзбекистонда зарарли одатларга қарши кун ўтказилди (фото)

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Бугун, 22 июнь куни, мамлакатимиз бўйлаб «Зарарли одатлар – умр кушандаси» шиори остида оммавий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, пойтахтимиздаги Ашхобод сайилгоҳида ташкил этилган аҳоли иштирокидаги 5 километрга фаол юриш тадбирнинг кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Маълумки, зарарли одатлар юқумли бўлмаган касалликлар келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири бўлиб, шахсни ўзини инсон сифатида тан олишга ёки соғлиғига бевосита эътиборли бўлишига тўсқинлик қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тахминан 3,5 ва 5 миллион кишининг умрига зомин бўлаяпти. Бу кўрсаткични  автоҳалокат ёки саратоннинг баъзи турлари билан қиёслаш мумкин.

Зарарли одатлар ишемик юрак касаллиги, ўпка саратони, сурункали бронхит ва амфизем, септик ошқозон яраси ва бошқа кўплаб касалликларни  ривожланишини тезлаштириши исботланган. Афсуски, дунёда эркакларнинг 50 фоизи ва аёлларнинг эса 25 фоизи сигарет чекмоқда ва чекиш ҳар ўндан бирининг ўлимига сабаб бўлаяпти. Уларнинг сигарет чекмайдиганларга нисбатан миёкард инфарктидан вафот этиши 5 баравар юқори. Ҳар бир сигарет чекиш умр кўришни 5 – 15 дақиқагача қисқартирмоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, йилига киши бошига 8 литр спиртли ичимлик истеъмол қилиш ҳар қандай миллат генофондига жиддий таҳдид солувчи чегара ҳисобланади.Спиртли ичимликлар одатда гиёҳванд моддалар ва турли заҳарлар каби дастлаб ҳаяжонлантиради, кейин  эса парализацияловчи таъсир кўрсатади.Алколголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш турли органлар фаолияти бузилишига олиб келади.

Зарарли одатларни бартараф этишда меъёридаги парҳез, жисмоний машқ ва турли спорт ўйинлари, тўғри меҳнат фаолияти ва дам олиш тартиби муҳим аҳамиятга эга. Конфуций таъкидлаганидек, “Бугунги кунда зарарли одатларни енгиб ўтиш эртага қараганда осонроқдир”.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган мазкур оммавий саломатлик тадбирларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ходимлари, ҳамкорлик ташкилотлари вакиллари ҳамда юртимиз санъат усталари  фаол иштирок этишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг