Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда депутат, сенатор, ҳоким ва вазирларнинг ойлиги бунчалик кам эмас

Ўзбекистонда депутат, сенатор, ҳоким ва вазирларнинг ойлиги бунчалик кам эмас

Фото: «Xabar.uz»

Кеча Молия вазирлигининг «Газета.уз» нашрига давлат амалдорларининг иш ҳақи оклади ҳақида берган маълумоти кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзмоқда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Жуда кўпчилик бунақа кам ойликка амалдорлар қандай кун кечиради, оиласини қандай боқади, деган савол ва шубҳаларни билдирди.

Ҳа, тўғри, амалдорларнинг ойлиги кам, лекин кеча эълон қилинганичалик 2 млн сўм атрофида эмас.

Агар эътибор берган бўлсангиз, алоҳида таъкидланган эдики, кечаги рақамлар бу фақат лавозим оклади холос. Яъни, бу айнан шунча ойлик олади, дегани эмас. Бу рақамларга қўшимча равишда бюджетдан ва бюджетдан ташқари маблағлардан устамалар берилади.

Бюджетдан устама нималигини яхши тушунсангиз керак, яъни давлат ўз бюджетидан (бунда сизу биз тўлаган солиқлар ҳам бор) амалдорларга 115 фоизгача қўшимча ҳақ бериши мумкин.

Бюджетдан ташқари маблағлар нима дегани? Бу давлат божлари, йиғимлари ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий жарималар ва молиявий санкциялардан ажратмалар ҳисобига шаклланадиган маблағлардир.

Масалан, нотариал ҳаракатларни амалга оширганда тўлайдиган давлат божлари, йўл қоидасини бузгани учун тўлайдиган жарималар, давлат хизматларидан фойдаланганлик учун тўланадиган хизмат ҳақлари ва ҳ.к. тўловлар ҳисобидан давлат амалдорларининг иш ҳақига қўшимча устамалар берилади.

Телеграмдаги гуруҳлардан бирида ҳокимият вакили кечаги маълумот бўйича қуйидаги изоҳни ёзиб қолдирди:

«Ҳозир вилоят ҳокимлари 10 млн, туман ҳокимлари 8 млн, ҳоким ўринбосарлари 7 млн сўм маош олаяпти. Юқоридаги рақамлар фақат разряди ва оклади. Бу ерда Президент фонди кўрсатилмаган».

Хуллас, давлат амалдорларининг ойлиги бунчалик кам эмас экан. Лекин 10 млн сўм ҳам вилоят ҳокими учун кам. Агар, масалан, вилоят ҳокимининг бирорта бошқа даромад манбаи бўлмаса (бошқа даромад манбаи бўлиши қай даражада қонуний?), унда фарзандига, айтайлик, «Gentra» машинасини олиб бериш учун 1 йил емай-ичмай пул йиғиши керак. Каттароқ ҳовли қуриши учун билмадим қанча йил керак бўлади.

Ва яна бир гап. Ўзи нимага бунақа тушунтиришларни ОАВ ёки блогерлар бериши керак?

Марҳамат, Вазирлар Маҳкамаси ёки Молия вазирлиги батафсил, расмий тушунтириш берсин. Аслида ким қанча маош оладию (яъни аниқ қўлига қанча тегади), уларнинг қанчаси бюджет, қанчаси бюджетдан ташқари манбалардан шаклланади, бюджетдан ташқари манбаларга нималар киради, ҳаммасини халққа тушунтиришсин. Давлат сири эмаску бу. Шу халқнинг пули ҳақида гап кетяптику.

Ана шунда балки халқ орасидаги турли савол ва тушунмовчиликларнинг олдини олган бўлишармиди, деб ёзади блогер.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг