Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда бир оилага ўртача нечта фарзанд тўғри келмоқда?

Ўзбекистонда бир оилага ўртача нечта фарзанд тўғри келмоқда?

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 22 феврал куни АОКАда «Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Матбуот анжуманидан сўнг «Хabar.uz» мухбири Давлат статистика қўмитаси вакили Усмон Абдурасулов билан суҳбатлашди.

— Аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмай туриб, статистик маълумотларда ёш, жинс, миллат таркиби қай тартибда ҳисобланади? Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган фуқароларни аниқлашчи?

— Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш сўнгги бор 1989 йилда амалга оширилган бўлиб, рўйхатга олиш натижаларига кўра аҳоли сони 19,7 млн. кишини ташкил этган. Шундан буён бирор марта ҳам аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган.

Жорий ҳисобга кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига республикамизнинг доимий аҳолиси сони 34,6 млн. кишини ташкил этади. Бу ҳисоб 1989 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига туғилганлар ва мамлакатимизга кўчиб келганлар сонини қўшиш ҳамда вафот этганлар ва мамлакатимиздан кўчиб кетганлар сонини айириш орқали ҳисобланади. Туғилиш ва ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар Адлия вазирлигининг жойлардаги давлат хизматлари марказларидан ҳамда кўчиб келган ва кўчиб кетганлар сони тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигидан олинади.

Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уйсизлар айнан аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида аниқланади. «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистонда бўлиб турган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.

— Ҳозирги кунда давлат статистика маълумотларининг неча фоизи очиқ тартибда жойлаштирилган, қандай маълумотлар ёпиқлигича қолмоқда?

— Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши таъқиқланган махфий маълумотлар, шунингдек, Давлат статистикаси тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасига асосан якка тартибдаги статистика маълумотлари, давлат сирлари ва юридик шахсларнинг тижорат сирларига оид маълумотлар ёпиқ статистик маълумотлар ҳисобланади. Қолган барча маълумотлар Давлат статистика қўмитаси расмий веб-сайтида, статистик тўпламларда ҳамда очиқ маълумотлар порталида доимий эълон қилиб борилмоқда.

— Ҳозирда бир оилага ўртача нечта фарзанд тўғри келади?

— Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2020 йилнинг январ-декабрь ҳолатига, уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларига асосан 16 ёшгача болалар мавжуд бўлган уй хўжаликлар 74,3 фоизни ташкил этди, шундан 23,4 фоизи бир болали, 26,8 фоизи икки болали, 16,9 фоизи уч болали ҳамда 7,2 фоизи тўрт ва ундан кўп болалиларни ташкил этган. 25,7 фоиз уй хўжаликларда эса 16 ёшгача болалар мавжуд эмас.

Нуриддин Зиё Тўрақулов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг