Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон-Ҳиндистон: фармацевтика соҳасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон-Ҳиндистон: фармацевтика соҳасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Жорий йилнинг 28-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Ҳиндистонда ишчи ташриф билан бўлиб, мамлакатнинг етакчи фармацевтика компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, музокаралар ва давра суҳбатлари ўтказдилар.

Ташрифнинг биринчи кунида делегация таркибида Ҳиндистонга ташриф буюрган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев ва Агентлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Ботир Худайбердиев бир қатор етакчи компаниялар вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказдилар.

Хусусан, Ҳиндистоннинг Avantika  Medex Pvt.Ltd компанияси раҳбарияти билан учрашувда томонлар фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар ва мезбон томон Ўзбекистонда қўшма лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди. Учрашув якунида Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш бўйича Меморандум имзоланди.

Маълумот учун: Avantika  Medex Pvt.Ltd компанияси турли йўналишдаги 30 дан ортиқ дори воситаларини, хусусан, вирусга қарши, яллиғланишга қарши дориларни ва онкологик препаратларни ишлаб чиқаради. Компаниянинг ишлаб чиқариш линияси GMP талабларига мос келади.

Шу куннинг ўзида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари Realcade Lifescience Pvt.Ltd раҳбарияти билан учрашув ўтказди.  Учрашувда мамлакатимиз фармацевтика саноатининг савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳияти масалалари муҳокама қилинди. Компания раҳбарияти Ўзбекистон Республикасида мавжуд қулай инвестиция муҳити тўғрисида батафсил маълумот олганидан сўнг, инвестиция соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун: Realcade Lifescience Pvt.Ltd Гужаратдаги инфузион эритмалар ишлаб чиқарувчи етакчи компания.

Биологик фаол қўшимчаларига асосланган дори-дармонларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Zoetic Pvt.Ltd компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда мезбон томон мамлакатимизнинг фармацевтика соҳасидаги салоҳияти билан яқиндан танишди ва Ўзбекистондаги хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва шароитларга қизиқиш билдирди.  

Ташрифнинг кейинги куни  Гужарат фармацевтика ишлаб чиқарувчилари давлат ассоциацияси раиси доктор Виранчи Шох бошчилигидаги уюшма аъзолари билан давра суҳбати уюштирилди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев мезбон томон билан Ҳиндистон ва Ўзбекистон фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Aгентлик вакиллари Ўзбекистон Республикаси фармацевтика саноатининг инвестицион салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказишди. Ҳиндистонлик мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, хусусан, мамлакатимизда мавжуд фармацевтика эркин иқтисодий худудлари, савдо бозори ва маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари борасида маълумот. Учрашув якунида фармацевтика соҳасида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди ва Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш бўйича Меморандум имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг