Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Агар бу ниятимни ота-онамга айтсам, улар ватанга қайтишимга рухсат беришмайди»

«Агар бу ниятимни ота-онамга айтсам, улар ватанга қайтишимга рухсат беришмайди»

Фото: «Myday.uz»

14 январ — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланади

Ёшликдан ҳаммамиз Ватанга содиқ бўлиш, Ватанни ҳимоя қилиш керак, деган гапни кўп эшитганмиз. Тарихда жуда кўп ота-боболаримиз Ватан учун жонини фидо қилишган. Ҳозирги кунда-чи? Ота-боболаримиздака Ватанга садоқатли авлодлар борми? Ҳамма айтади, Ватаним учун жонимни фидо қилишга тайёрман, деб. Аслида шундайми? Биз маънан ва руҳан бу айтган гапимиз учун тайёрмизми?

Ҳаётимда мени Ватанни севишга ўргатган бир воқеа содир бўлди. Одатда кўп ёшлар билан учрашганимда келажакда қайси соҳани эгалламоқчисан, деб сўраш одатим бор. Рамазон кунларининг бирида ифтор пайти эди ва бир нечта ёшлар билан ифторлик қилаётгандим. Одатдагидек ёшлардан келажакда ким бўлиши ҳақида сўрай бошладим. Навбат Аҳмад деган 18 ёшга тўлмаган бир болага келди. Аҳмад асли миллати турк, лекин Германияда туғилиб ўсган немисларнинг таълимини олган эди.

Аҳмад шундай жавоб берди: «Мен ватаним Туркияга қайтиб, аскар бўлиб, ватанимни ҳимоя қилмоқчиман». Мен ҳайрон бўлдим, чунки Аҳмад Германияда туғилган, катта бўлган, немис муҳитида улғайган бола эди. Қанақасига Германияда туғилган бола ота-боболарининг ватани Туркияга қайтмоқчи? Маза қилиб Германияда яшаса, умрини ўтказса бўлмайдими, деб ўйладим. Ҳайрон қолдим ва иккинчи саволимни бердим: «Аҳмад, сен Германияда туғилгансан, ота-онанг шу ерда яшашади, уларни ташлаб кетмоқчимисан? Ота-онанг билан бу аскарлик масаласида гаплашдингми?».

Шунда Аҳмад жуда таъсирли жавобни берди. «Мен ҳали 18 ёшга тўлмаганман, маслаҳатлашмадим». Мен яна сўрадим: «Ёшнинг нима алоқаси бор ота-онангга аскар бўлишингни айтишга?». Аҳмад эса «Мен агар ҳозир ота-онамга айтсам, улар мени ватанимга садоқат билан хизмат қилиш фикримдан қайтаришлари мумкин. Чунки Туркияда ҳарбий хизматда душман ҳужуми бўлиб қолса, ҳужумда ўлишим ҳам мумкин. Германия қонунлари бўйича 18 ёшгача ўзим мустақил қарор қабул қилишга ҳаққим йўқ. Ота-онам буни жуда яхши билишади. Улар мени яна бу ватанга садоқат билан хизмат қилиш фикримдан қайтаришга уринишмасин, деб айтмадим. Қачонки 18 ёшга кирсам, айтаман», деди.

Мана, азизлар, Ватанга садоқат қанақа бўлади! Ҳатто ота-онам ватанга садоқат билан хизмат қилишимдан қайтармасин, деб қалбига бу ватан севгисини Аҳмад яшириб юрибди. Бу жавобдан жуда таъсирландим. Қандай қилиб Германияда катта бўлган Аҳмад бунчалик ватани учун ҳамма нарсага тайёр, деб ўйлаб қолдим. Аслида бу қалбдаги ватанга содиқлик ва ота-боболари юртига вафодорлик эди. Ўша куни Аҳмаднинг жавоби хаёлимдан чиқмади. Ўз-ўзимга савол бердим: «Ватанимиз учун Аҳмаддай садоқатимиз борми? Ватанимиз учун Аҳмадчалик ҳамма нарсадан воз кеча оламизми? Муҳтарам Юртбошимизнинг Ватанга содиқ фарзанд деган ибораси аслида шу Аҳмаддаги Ватанга содиқлик эмасми?»

Биз ҳаммамиз ор ва номусимиз бўлган Она-Ватанимиз учун қанчалик садоқатимиз борлигини виждонан ҳисоб-китоб қилишимиз керак эмасми?

Абдулазиз Азамат ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг