Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Осмон узоқ, ер қаттиқ. Коронавирус даврида Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожири қандай кун кўрмоқда?

Осмон узоқ, ер қаттиқ. Коронавирус даврида Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожири қандай кун кўрмоқда?

Фото: ТАСС

Коронавирус пандемияси Россияда меҳнат қилиб келаётган Марказий Осиё давлатлари мигрантлари ҳаётини издан чиқариб юборди. Йўғон чўзилиб, ингичка узилган дамларда кўп сонли мигрантлар ишсиз, маошсиз қолди.

Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси қошидаги марказ тадқиқотларига кўра, биргина пойтахт Москва шаҳрида 54 фоиз меҳнат муҳожири ишидан айрилган ёки ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган.

Россия мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов ҳисоб-китобига кўра, Марказий Осиёдан келган 4 миллионга яқин меҳнат муҳожири, жумладан, 2-3 миллион ўзбекистонлик, 800 минг нафардан қирғизистонлик ва тожикистонлик даромад манбаидан маҳрум бўлди.

Ўзбекистонлик Шаҳзод – пандемия даврида ишсиз қолган миллионлаб мигрантлардан бири. 24 ёшли йигит Подмосковьеда болалар боғчаларига озиқ-овқат етказиб тирикчилик қилган.

Март ойи охирида боғчалар карантинга ёпилгач, Шаҳзод ишидан мосуво бўлган. Қора қозон қайнамаса бўлмайди. Боз устига, у оилада ягона боқувчи. Ҳаракатчан ва жонсарак йигит ошиғич равишда чилангарликни ўрганди. Иш ҳам топилди. Иш берувчилар унинг касбий малакасини синовдан ўтказиб маъқул деб топишди. Аммо ҳужжатдан гап очилиб, йигитча яшил паспортини кўрсатгач, қуюққина қилиб узр сўрашди:  Маъзур тутасиз, биз фақат Россия фуқароларини қабул қиламиз! Рус тилида бийрон гапиришу чилангарлик маҳорати ҳам фойда бермади.

Фото: Google Images

Март ўрталаридан бери тўрт девор орасида ишсиз қолиб кетган Олимжон эса Ўзбекистондаги яқинлари юбораётган пулга кун кўрмоқда.

«Уй кетсам дейман. Аммо чегара ҳозирча ёпиқ. Чипта эса отлиққа ҳам топилмаётир. Элчихонадан маълум қилишларича, чартер рейслар  учун 70 минг киши навбатда турибди. Агар ҳозир навбатга ёзилсак, билмадим, келаси йилда учиб кетсак керак», – дейди Олимжон.

Россия бўйлаб коронавирус офати шиддат билан ёйилмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, мамлакат бўйичи ушбу инфекцияга чалинганлар сони 450 мингдан ошди. Ҳозирга қадар 5725 та ўлим ҳолати қайд этилди. 

Эпидемиологик вазият танг бўлиб турган бир пайтда меҳнат муҳожирлари ҳаёти хавф остида қолмоқда. Сир эмас, муҳожирлар қўли калталик важидан ётоқхона ёки умумий квартираларда яшайди. Умумий тураржойларда эса вирус тарқалиши хавфи жуда юқори. Вирус юқтириб олган меҳнат муҳожирларини маҳаллий шифохона ёки тез ёрдам хизмати қабул қилишдан бош тортаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Ўзбекистонлик 56 ёшли Гулнора опанинг иш пайти вирусга чалинганига ишончи комил. У Подмосковьеда чол-кампирга қарар эди. Кекса эр-хотин коронавирусга чалиниб, шифохонага тушиб қолади. Орадан бир неча кун ўтиб Гулнора опа ҳам иситмалайди. У ҳам коронавирус юқтириб олган экан! Аммо тез ёрдам хизмати ходимлари меҳнат муҳожирини шифохонага олиб кетишдан бош тортади. Ноилож қолган аёл Тошкентга – таниш шифокорига қўнғироқ қилиб, унинг маслаҳати бўйича ўзини ўзи даволашга киришади.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари патент расмийлаштириш пайти мажбурий равишда тиббий полис харид қилади. Аммо аксар ҳолларда вирусга чалинган мигрантларга тиббий полис ҳам ёрдам бермаяпти.

Фото: РИА Новости

Президент Владимир Путин фармонига кўра, карантин даврида хорижлик меҳнаткашларга бир қатор енгилликлар берилди. Масалан, меҳнат муҳожирлари 15 мартдан 15 июнга қадар патент учун пул тўламаган ҳолда ишлаши мумкин. Аммо Россиянинг турли минтақаларида иш берувчилар ва ваколатли идоралар «Путин нималар демайди» қабилида эътироз билдириб, ҳамон патент тўловини талаб қилаётир.

Эслатиб ўтамиз, хориждаги, хусусан, Россиядаги меҳнат мигрантлари юбораётган маблағ Марказий Осиё мамлакатлари ЯИМда салмоқли улушга эга. Ўтган йилларда Ўзбекистон ЯИМда меҳнат муҳожирлари улуши 10 фоизни ташкил этган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг