Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ош рекорди 14 январ куни Деновда янгиланиши кутилмоқда

Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ош рекорди 14 январ куни Деновда янгиланиши кутилмоқда

2017 йилнинг 8 сентябридаги рекорд ошни пишириш жараёни.

Фото: «Darakchi.uz»

2017 йилнинг 8 сентябрида Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ хиёбонида бутун Ўзбекистондан келган 50 нафар ошпаз дунёдаги энг улкан паловни пиширган ва у Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган эди. Мега-ош  пишириш учун мол гўшти — 1500 кг, қўй гўшти — 400 кг, думба — 220 кг, гуруч — 1900 кг, сабзи — 2700 кг, пиёз — 220, кг, ўсимлик мойи — 440 литр, туз — 57 кг, нўхат  - 100 кг, майиз —  190 кг, зира — 5 кг, қора мурч —2 кг, зарчава — 1 кг, сув — 350 литр ишлатилган, тайёр ошнинг оғирлиги 7,3 тоннани ташкил этган эди.

Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ошпазлари 2018 йилнинг 14 январ куни қарийб 9 тонналик ош пиширишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Денов тумани ҳокимлиги масъул ходими Маҳмуд Расулов хабар берди.

Унинг маълум қилишича, вилоятда туризмни ривожлантиришга эътиборни кучайтиришга қаратилган мазкур тадбирнинг ташкилий ишлари Денов тумани ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. Тадбир Денов марказий стадионида ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда ош пишириладиган ҳудудда меҳмонлар учун 2 минг ўринли жой ҳозирланмоқда. Меҳмонларга жараённи бевосита кузатиш имконини берувчи қўшимча шароитлар яратилмоқда.

Ош Тошкентдаги рекорд ошда ишлатилган диаметрли қозонда тайёрланади. Диаметри 4 метрдан ортувчи, сиғими 8,8 тоннани ташкил этувчи қозон, оғирлиги қарийб 3 тоннага етувчи ўчоқ ва бунга қўшимча энг узун капгирлар ҳам Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган, Олмалиқ кон-металлургия корхонасида қуйилган, ясалган.

Мазкур мегапаловни деновлик 46 нафар ошпаз тайёрлайди. Ушбу рекордни рўйхатга олиш учун «Guinness World Records» вакилларини ҳам чақириш режалаштириляпти. Мазкур ташаббус амалга ошса, ўтган йилнинг 8 сентябрида Тошкентда ўрнатилган рекорд янгиланади.  Палов Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, тумандаги мактаб-интернат тарбияланувчилари, ногиронлар, шифохоналардаги беморлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари бошчилигида кам таъминланган оилаларга тарқатилади. Умумий ҳисобда паловни тайёрлаш, тарқатиш, ташкилий ишларига бир неча юз одам жалб этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг