Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Орзулар шаҳрининг янги қиёфаси — Самарқанд

Орзулар шаҳрининг янги қиёфаси — Самарқанд

Икки йил олдин Термизда бахши фестивали ўтказилганди. Тадбир доирасида ўша вақтдаги маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев билан матбуот анжумани ташкил қилинди. Анжуман тугай деганда Индонезиядан келган журналист сўз олди.

— Менга Ўзбекистонга боришимни айтишганда йиғлаб юбордим. Юртингизда бўлишга болаликдан ҳавас қилганман, чунки бу ерда буюк муҳаддис Имом ал Бухорий ётибди. Уни зиёрат қилиш ҳар бир индонезияликнинг орзусидир, — деди меҳмон.

У шундан сўнг ҳам Имом ал Бухорий ҳақида, Самарқанд ҳақида анча гапирди. Айтганларидан англашилдики, индонезияликлар Бухорийни ҳар қанча эъзозлашмасин, зиёратга келишлари анча мушкул. Сабаблар талай, энг асосийларидан бири эса Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейс йўқ. Туркия ёки Москва орқали келганда эса йўлнинг ўзига икки суткадан кўп вақт кетиб қолади.

Ўшанда индонезиялик дўстимизга айта олмаганмизки, «оғайни, икки-уч йил сабр қилиб турсанг, тўғридан-тўғри рейс тугул Самарқандда бутун бошли аэропорт қурилади, меҳмонлар учун алоҳида «Туристик марказ» бино этилади», деб.

У вақтда шунча иш бўлишига ўзимиз ҳам ишона олмасдик.

Туристик марказ
Самарқандда қурилаётган «Туристик Марказ» иккита 5 юлдузли меҳмонхона, иккита 4 юлдузли меҳмонхона, тўртта бутик меҳмонхона, ресторанлар ва дўконлардан ташкил топади. Шунингдек марказда расмий ва тантанали тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган Конгресс хол қурилмоқда.
Ушбу комплекс тўлиғича Самарқанд шаҳрининг туристик салоҳиятини оширишга йўналтирилади. Мажмуа 212 гектар майдонни эгаллаган. Меҳмонхона номерларининг умумий сони эса 1190 тани ташкил этиши кутилмоқда.

Абадий шаҳар
Яна Самарқанд туризм маркази ҳудудида эски Самарқанд қиёфасини такрорлайдиган «Абадий шаҳар» тарихий мажмуаси ҳам мавжуд.

Туристик марказдан М39 асосий автомагистралигача олиб чиқадиган параллел йўл қурилади. Мажмуа ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан тарихий ҳудудга олиб борадиган йўл ҳам очилади.

Самарқанднинг эски қисмида жойлашган сунъий кўл ҳам сайёҳлар эътиборини тортадиган яна бир объект ҳисобланади.

Қурувчилар
Туристик марказнинг қурилишига 4000 дан ортиқ мутахассислар жалб қилинган, хусусан: ишчи ходимлар - 3678 киши, муҳандислар ва техниклар - 322 киши, шундан маҳаллий аҳоли вакиллари - 3600 киши, чет эллик мутахассилар - 400 кишини ташкил этмоқда.Лойиҳага жалб қилинган техник ресурслар сони 500 тадан ортиқ.

Иштирокчилар гуруҳи
EPC шартларига кўра лойиҳани тўлиқ топширишга масъул бўлган бош пудратчи Enter Engineering компанияси ҳисобланади. Ушбу компания Ўзбекистондаги энг йирик EPC пудратчиларидан бири ҳисобланади. Нефть-газ, кимё, энергетика ва фуқаролик муҳандислиги соҳаларида объектларни қуриш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади.

Бош лойиҳаловчи: ARUP
ARUP - қурилишнинг барча жиҳатлари бўйича муҳандислик, архитектура, дизайн, режалаштириш, лойиҳаларни бошқариш ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи халқаро компания. Компаниянинг бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Лойиҳани амалга ошириш учун Туркия ваколатхонасининг ARUP компаниясининг Туркиядаги жамоаси жалб қилинган.

Лойиҳа қурилиши 2021 йилнинг IV чораги ва 2022 йилнинг I чорагида якунига етиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг