Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўроқчитепа воқеаси»: ҳаммаси «Tico» рақамини «Captiva»га илишдан бошланган...

«Ўроқчитепа воқеаси»: ҳаммаси «Tico» рақамини «Captiva»га илишдан бошланган...

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда «Андижонда ҳайдовчи ходимни ўлдириш билан қўрқитди» изоҳи остида тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Таъкидланишича, 2022 йил 15 май куни Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани, «Ўроқчитепа» МФЙ ҳудудида хизмат олиб борган ЙПХ ходими У.Мухторов томонидан «Captiva» русумли автомобил тўхтатилган. Ҳайдовчи — 1979 йилда туғилган Ш.Х. «Tico» автомобилига тегишли давлат рақам белгисини «Captiva» автомобилга ўрнатиб, бошқариб юрганлиги аниқланган. Қоидабузарлик ҳолати бўйича баённома тузилиб, автомобил вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Шундан сўнг, орадан вақт ўтиб, ҳайдовчи Ш.Х. танишлари И.Т. ҳамда Ш.Ш.лар билан ЙПХ ходими У.Мухторовнинг ёнига қайтиб келган. ЙПХ ходими қонуний чора кўрилганлигини тушунтирган вақтда улар ходим билан жанжаллашиб зиддиятли вазиятни юзага келтирган. Мазкур вазиятда фуқаролар ходимга хизматда фойдаланиш учун бириктирилган алоқа воситаси, кўкрак нишон белгиси ҳамда планшет мосламасини олиб воқеа жойидан яширинган.

Ходимнинг билдиргиси асосида, тезкор ходимларнинг аралашуви билан учала фуқаро туман ИИБга олиб келинган. Улар томонидан олиб кетилган воситалар қайтариб олинган, дейилади хабарда.

Хабарга кўра, ҳолат юзасидан 2022 йил 16 май куни Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан фуқаролар Ш.Х., И.Т. ва Ш.Ш.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг учаласи ҳам Жиноят Процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг