Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

 Олмон тили – жаҳон тили. Ўзбекистонда ушбу тилни ўрганиш қай аҳволда?

 Олмон тили – жаҳон тили. Ўзбекистонда ушбу тилни ўрганиш қай аҳволда?

Фото:«Xabar.uz»

7 ноябрь куни Тошкентда олмон тили ўқитувчиларининг анжумани бошланди. Ўн учинчи маротаба ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон таълим тизими мансабдорлари, Германия ҳамда Швейцария дипломатлари қатнашди.

Илмий-маърифий тадбир Германия ҳамда Швейцария элчихоналари, Гёте институти, Германия халқ университетлари уюшмаси (DVV), Хориждаги мактаблар марказий бошқармаси  (ZfA) ҳамда Ўзбекистон олмон тили ўқитувчилари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Алишер Умаровнинг қайд этишича, кейинги йилларда юртимизда олмон тилини ўрганувчилар сони камайди. 2009 йилда мамлакатимиз мактабларида ушбу тилни 515 мингдан зиёд ўқувчи ўрганган бўлса, 2018 йилда мазкур кўрсаткич 340 мингга тушиб қолди.

Фото:«Xabar.uz»

А.Умаровга кўра, айни пайтда мактабларда олмон тили таълимини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Негаки, илм-фан ҳамда юксак технологиялар ватани бўлмиш Германиядан Ўзбекистон кўп жиҳатларни ўрганиши мумкин. Ўзаро робиталарни мустаҳкамлашда эса тил омили муҳим ўрин тутади.

Бу борадаги тадбирлар ҳозирданоқ ўз мевасини бермоқда. Олмон тилини ўрганувчилар сони яна кўпая бошлади. Хусусан, жорий йил юртимиз мактабларида ушбу тилни ўрганувчилар сонини 15 мингтага оширишга эришилди.

Германия элчихонаси доимий вакили Кристофер Фукс ўз нутқида Ўзбекистонда олмон тилини ўргатишда заҳматкаш муаллимларнинг хизмати катта эканини таъкидлади.

«Германиядан Ўзбекистонга ҳар йили кўплаб меҳмонлар келади. Улар Ўзбекистонда олмон тилини биладиган зиёлилар сони кўплигидан ҳайратга тушишади. Дарҳақиқат, бугун олмон тили билган ҳолда Ўзбекистонда бемалол ҳаракатланиш мумкин. Бунда эса муаллимларнинг хизмати катта. Таъбир жоиз бўлса, олмон тили ўқитувчилари Германиянинг Ўзбекистондаги, Ўзбекистоннинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқдалар», – деди Кристофер Фукс.

Қайд этилишича, ҳозирда олмон тилини боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда. Юртимиздаги 11 та олий ўқув юртида мазкур тил бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Яқин келажакда бу рақамлар янада ошиши кутилмоқда.

Икки кун давом этадиган илмий-маърифий анжуманда юртимизнинг турли ҳудудларидаги ўрта ва олий таълим масканларида олмон тилидан сабоқ бераётган 200 дан зиёд педагог қатнашмоқда.

Ташкилотчиларга кўра, тадбир давомида Германия, Австрия ҳамда Швейцариядан келган номдор мутахассислар амалий машғулотлар олиб борадилар. Сирасини айтганда, анъанавий анжуманда соҳа вакиллари ўзаро тажриба алмашиб, тил таълимини ривожлантириш борасида фикрлашадилар.

Бу йилги анжуман Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги олмон тили чуқурлаштирилган тарзда ўқитиладиган ҳамда Германиянинг «Мактаблар: келажак ҳамкорлари» ташаббуси доирасида қўллаб-қувватланадиган Шайхонтоҳур академик лицейида ўтмоқда. 

Сўнгги йилларда бутун дунёда олмон тилини ўрганишга иштиёқмандлар сони ошиб бормоқда. Рақамларга мурожаат этсак, жаҳон бўйлаб қарийб 16 миллион киши мазкур тилни хорижий тил сифатида ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Германия элчиси Гюнтер Оверфельд ҳам «Xabar.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистонда олмон тили таълими сифатини янада ошириш мақсадида ўқитувчи ва маърузачилар сонини ошириш, стипендияларни кўпайтириш кўзда тутилганини маълум қилган эди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг