Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётганларга етарли жазо бериладими?

Одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётганларга етарли жазо бериладими?

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Охирги ўн-ўн беш йилда бизда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири мамлакатимиз фуқароларининг чет элларда қулликда сақланиб меҳнатга мажбурлангани ҳақида бўлди. Ҳали бу давлатдан, ҳали у давлатдан «ўзбекистонликларнинг паспортлари тортиб олиниб, меҳнатга мажбурланган» деган хабар чиқарди. Ҳозир ҳам дунёнинг аллақайси давлатларида ўзбекистонликлар мажбурий меҳнатда эзилиб юришгандир. Уларнинг ҳужжатлари тортиб олиниб меҳнатга мажбурланганини биз ўша иш ошкор бўлгандан кейингина билаяпмиз.

Тан олайлик, юртдошларимизнинг қаерлардадир ҳақ-ҳуқуқсиз турли ишларга мажбурлангани доим биз учун энг оғриқли масала бўлган. Шу боис охирги йилларда чет элларда ёвуз кишилар қўлига тушиб турли ишларга мажбурланаётган кишилар учун элчихоналаримиз ҳузурида ишонч телефонлари йўлга қўйилди. Юртдошларимиз қулликка тушиб қолмасин деб улар энг кўп борадиган давлатлардаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан ҳамкорлик қилинаяпти, турли давлатларда элчихоналардан ташқари консулхоналар очилиши мўлжалланмоқда. Мажбурий меҳнатдан озод бўлиб келганларга руҳий кўмак бериш мақсадида Тошкентда реабилитация маркази  очилди. Қисқаси, ҳукуматимиз чет элларда юрган юртдошларимизни ўша юртларда ҳам ҳимоя қилиш учун нима керак бўлса ҳаммасини қилмоқчи. Бу қувонарли ҳолат.

Аммо...

Ана шу ерда савол туғилади: хўш, ҳукуматимиз чет элларда ишлаб юрган юртдошларимизнинг ҳимояси учун кўп ишларни қилаётган экан, яна кўп ишларни қилмоқчи экан, бу ишлар яхши, лекин ўзимизда, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганларнинг ҳимояси учун нима қилинаяпти?

Эслайлик, бундан икки йил олдин ҳам бизда ҳаммаси инкор этилар, ўқитувчи ёки бюджет ташкилотлари ходимларининг ҳар хил мажбурий ишларга жалб қилинаётгани ҳақида умуман гапириб бўлмас эди. Бу ҳақда фақат чет эллардаги айрим ўзбекча сайтлар ёзишар эди. Биз эса зўр бериб уларни инкор қилар эдик. Бугунги кунда эса бу ҳақда ўзимизнинг оммавий ахборот воситалари ҳам ёзаяпти. Бироқ ҳозирча бу ишлардан натижа бўлаётгани йўқ. Чунки кўпинча ўша мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлардан «мен ҳашар ишларига, ободонлаштиришга, пахта йиғим-теримига ўз ихтиёрим билан бораяпман» деб тилхат ёздириб олишади. Аммо улар кўча-кўйда барибир меҳнатга мажбурлангани ҳақида гапиришади. Шу туфайли бу ишлар элга ошкор бўлаяпти. Охирги мисол: бундан бир неча кун олдин Каттақўрғонда фожиа юз берди ва ёш ўқитувчи аёл ҳалок бўлди. Расмийларимиз бунинг мажбурий меҳнатга алоқаси йўқ деб баёнот беришди. Аммо касални минг яширманг, барибир иситмаси ошкор қилиб қўяди. Демак, мамлакатимизда кимлардир томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган инсонларни ҳам ҳимоя қилиш вақти аллақачон келган.

Бундан бир неча кун олдин турли сайтларда Олий Мажлис депутатларидан бирининг «ўқитувчиларни мажбурий меҳнатдан ҳимоя қиладиган қонун қабул қилишимиз керак» деб фикр билдиргани ҳақидаги хабар чиқди.

Эртаси куни эса Адлия вазирлиги ўзининг сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида «Ўзбекистонда мажбурий меҳнат қонун билан тақиқланган» сарлавҳали пост эълон қилди.

Ўша постда ёзилишича, МЖТКнинг 51-моддасига кўра одамларни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаган шахсга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима солинади. Агар шу ҳуқуқбузарлик вояга етмаганларга нисбатан содир этилса энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Ушбу кодекс 1994 йилда қабул қилинган ва 2009 йилда унга ўзгартиришлар киритилган.

Қизиғи, ушбу модданинг иккинчи, яъни «Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган қисми кодексга 2009 йил 21 декабрдаги 236-қонун билан киритилган экан. Унгача эса вояга етмаган шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилганларга жазо ҳам бўлмаган.

МЖТКдаги 51-моддани ўқир эканман, бизда мажбурий меҳнатга жалб қилинган одам ўша ўзини мажбурлаган шахс устидан нега шикоят қилмаслигининг сабабларидан бирини англагандай бўлдим. Чет элларда юрган юртдошларимиз қулликка тушмасин деб давлатимиз маблағ ва эътиборни аямаса-ю, аммо ўзимизда одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш жиноят эмас, маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланса ва бунинг учун арзимаган суммада жарима белгиланса, бу нима деган гап?!.

Бунинг устига ушбу моддада бошқа кўпгина моддалардагидай «йил давомида такроран содир этса жарима миқдори фалон баравар оширилади» деган қўшимча ҳам йўқ. Демак, кимдир бир инсоннинг устидан далил ва фактлар билан «мени мажбурий меҳнатга жалб қилди» деб бир йилда ўн марта мурожаат қилса ҳам ўша инсон бир хил жаримани тўлаб қутулиб кетаверади. 51-моддада одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг салмоғи кўрсатилмагани ҳам тушунарсиздир. Кодекс қабул қилинаётганда, кейин унга ўзгартиш киритилаётганда депутатларимиз оғзига талқон солиб олишганмиди? Масалан, бир кишини мажбурлаган ҳам ўша жаримани тўлайди, минг кишини мажбурлаган ҳам ўша жаримани тўлаб қутулиб кетаверади.

Қонун чиқаришга масъул бўлган депутат ва сенаторларимизга таклифим шуки, энди одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик эмас, жиноят деб топилиши ва Жиноят кодексида ушбу қилмиш учун арзимаган жарима эмас, балки камида етти-саккиз йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши керак.

Яна мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган инсонларнинг сонига қараб жазони ошириб боравериш лозим. Токи бир кишини мажбурлаган инсон билан ўн, юз, минг кишини мажбурлаган инсон бир хил жазо олмасин. Ана шунда жазо адолатли бўлади.

Акс ҳолда ҳаммаси «эски ҳаммом, эски тос» қабилида давом этаверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг