Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ОАВда кўтарилган масалага ажойиб тарзда жавоб қайтарилди

ОАВда кўтарилган масалага ажойиб тарзда жавоб қайтарилди

«Xabar.uz» сайтида эълон қилинган мақолага мутасадди ташкилотлар томонидан жавоб тариқасида Президент қарори эълон қилинди.

2019 йил 8 февралда «Xabar.uz» сайтида «Ўзбекистонда риэлторлик ташкилотлари «синмоқда»ми?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада риэлторлик ташкилотларининг бугунги мақоми тушиб кетганлиги, деярли барча соҳаларда меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилганлиги, лекин бу соҳага оид қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари ҳозирги даврга мослаштирилмай қолиб кетаётгани танқид қилинган эди.

Шу мавзуда ва риэлторлик фаолиятига доир қонун ҳужжатларига киритилиши лозим бўлган ўзгартиришлар ҳақида яна бир қатор риэлторлик фаолияти соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг мақолалари интернет тармоқларида, «Менинг фикрим» порталида жойлаштирилди.

Албатта, бу ҳаракатлар бесамар кетмади, керакли фикрлар, таклифлар тегишли ташкилотлар томонидан инобатга олинган ҳолда кеча, 5 апрель куни «​Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори эълон қилинди.

«Xabar.uz»  сайтида чоп этилган мақолада қуйидаги масалалар кўтарилганди:

«2019 йил 1 февралдан эътиборан кадастр маълумотномаларини, олди-сотди шартномаси тузиш учун солиқ ва электр энергияси бўйича маълумотномани, олди-сотди шартномаси тузилган кўчмас мулк ҳақидаги ахборотни интернет орқали юбориш каби онлайн хизматлар ишга туширилди. Шу сабабли риэлторлик ташкилотлари олдида бир қатор муаммолар пайдо бўла бошлади. Ушбу қулай имкониятларнинг йўлга қўйилиши билан ундан фойдаланишни назарда тутувчи барча меъёрий ҳужжатларда риэлторлик ташкилотлари назардан четда қолиб кетмоқда. Эндиликда онлайн хизматларнинг ривожланиб бориши туфайли ташкилотлар томонидан ёзма маълумот тақдим қилиниши чекланиб бормоқда ва риэлторлик ташкилотлари ўзига зарур маълумотларни тўплашда чорасиз бўлиб қолмоқда».

Кеча эълон қилинган қарорга асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк объектини риэлторлик хизматлари кўрсатиш натижасида вужудга келадиган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар тегишлича Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларга ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юборилиши, реестрдан кўчирма риэлторлик ташкилотлари томонидан мулкдорнинг хоҳишига кўра электрон ва (ёки) қоғоз шаклида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар белгиланган муддатларда берилилиши кўрсатиб ўтилган.

Риэлторлик ташкилотларининг маълумотлари асосида мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза талаб этилмайди, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхатга олиш йиғимлари риэлторлик ташкилотлари томонидан ундирилади.

Коммунал хизматлар кўрсатувчи (газ таъминоти, совуқ сув таъминоти ва сув чиқариб ташловчи, иссиқлик таъминоти (марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти), электр таъминоти, маиший чиқиндиларни олиб кетиш, ўрнатиб қўйилган телефон алоқаси ва бошқалар) корхоналарнинг ахборот тизимларини интеграциялашни йўлга қўйилади. 2019 йил 1 декабрга қадар риэлторлик хизматлари кўрсатиш имкониятини таъминловчи ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш, уни Реестр билан уйғунлаштириш Давлат активларини бошқариш агентлиги зиммасига юклатилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан риэлторлик ташкилотлари учун ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва уни йўлга қўйиш бир қанча қулайликлар ва риэлторлар учун кўчмас мулклар боғлиқ ишончли маълумотларга эга бўлишда замонавий ахборот воситаларидан фойдаланиш имкониятини яратади.

Равшан Нишонов,
«Invest Ko‘chmas Mulk Savdo» МЧЖ директори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг