Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ноёб иншоотнинг ноёб тарихи. Тошкент телеминораси қурилганига 35 йил тўлди

Ноёб иншоотнинг ноёб тарихи. Тошкент телеминораси қурилганига 35 йил тўлди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистонда биринчи телемарказ, яъни Тошкент телемаркази 1957 йил ноябр ойининг бошларида ишга туширилган.

Телевидение соҳасига, айниқса, ёшларда қизиқиш тез ривожлана бошлади. Тошкент электротехника институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)да радиофакултет ҳам очилди ва мен ушбу факултет талабаси бўлдим. Ўша пайтларда телевидение соҳаси бўйича маълумотлар, айниқса, дарсликлар жуда кам эди, борларидан ҳам фойдаланиш учун биз талабалар кутубхонада навбатда турардик. Мутахассислар етарли бўлмагани боис телевидение, антенна-фидер қурилмалари, радореле алоқаси ва яна бир неча фанларни Москва, Ленинград, Одесса, Новосибирск алоқа институтлари ўқитувчилари келиб ўқитишган.

Аввал телекўрсатувлар фақат бир дастур бўйича олиб борилди ва тез орада учтага етди. Энди мутахассислар кўрсатувлар сифатига ва дастурлар сонини кўпайтиришга аҳамият бера бошладилар. 1960 йиллар бошидаёқ телекўрсатувларни табиий рангларда кўриш эҳтиёжи туғилди. Тез орада бу борада ҳукумат қарорлари чиқиб, Алоқа вазирлиги режалар туза бошлади. Бу пайтга келиб, кўрсатувлар сони тўрттага етган эди, аммо 180-метрлик антенна таянчи, кам қувватли ускуналар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти узоқ тоғли туманларини деярлик қопламасди. 1971 йил сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси алоқа вазирлиги тасарруфида Тошкент радио-телевизион узатиш маркази қурилиш дирекцияси таъсис этилди. Шу вақтларда Москвадаги алоқа объектлари лойиҳалаш институтига араб давлатларидан бири баланд минорали телемарказ лойиҳасига буюртма берган, лекин давлатда сиёсий тўнтаришлар юз бериб, телеминоранинг ташқи кўриниши тайёр бўлганда, буюртмани бекор қилишган. Телеминора иқлими иссиқ мамлакатга мосланган. Институт раҳбари уни Ўзбекистонга таклиф қилган. Миноранинг кўриниши алоқа вазирига маъқул келган ва юртимизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ҳам маъқуллаб, минора қурилишини тасдиқлаган.

Телеминора лойиҳаси бир неча йилда тайёр бўлди, ўта синчковлик билан синовлардан ўтди. Унинг қурилиши учун Бўзсув каналининг ўнг қирғоғида 6,2 гектар ер ажратилди. Қурилишни бошлашдан аввал, қурилиш майдони бетартиб, бережа қурилган уйлар ва бир нечта майда ғишт заводлардан бўшатилиши ва яшаб турган аҳоли уй-жой билан таъминланиши зарур эди. Бу ишлар 1978-79 йилларда Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси ва Алоқа вазирлиги ёрдамида бажарилди. 1979 йил иккинчи ярмидан бевосита қурилиш ишларига киришилди.

Бу ишга масъул бўлган қурилиш соҳаси раҳбарлари энг нуфузли қурилиш ташкилотлари билан шартнома тузди – Россиянинг Челябинск заводи телеминора қурилишига 6000 тонна пўлат ускуналардан ёрдам берди. Швейцариянинг “Шиндлер” компанияси баландга тез кўтариладиган лифтлар билан таъминлади. Аммо қурилишга ноқулай бўлган Бўзсув ёқасида иш олиб борилиши кўп талаблар қўйди: аввало Бўзсув қирғоқларини маҳкамлаб, 11 метрлик чуқур фундамент қурилиши зарур эди. Бу ишларни амалга ошириш учун энг тажрибали мутахассислар жалб этилди. Телеминора энг ноёб қурилмалардан эди, чунки шу вақтгача республикада 358 метрли пўлат қурилма бўлмаган, бундай баландликка кўтариб берадиган мосламалар ҳам бўлмаган ва баландликда пайванд ишларини олиб борадиган мутахассислар ҳам йўқ эди. Ундан ташқари республика раҳбарлари Тошкент бинолари тобора баландлашаётганини эътиборга олиб, телеминора баландлигини 375 метрга кўтариш тўғрисида кўрсатма беришди.

Ниҳоят, телеминора пўлат конструкциялари қурилди ва 1983 йил 23 феврал арафасида минора тепасига Ўзбекистон  байроғи тикилди. Энди минора қуйида ва таянчлари остида -5/+5 метрли учбурчак (совутгичлар, ресторан ошхонаси, маъмурият хоналари, телеузаткичлар зали, лабораториялар жойлашиши керак бўлган икки қаватли бино); 100-120 метр баландликда томоша майдончаси, “Коинот” ресторанининг “Мовий” ва “Қизил” заллари бинолари, 200-220 метрда техника бинолари қурилиши ва антенна қурилмалари монтажи бошланди. Бу ишлар жуда мураккаб эди. Тасаввур қилинг: баландлашиб бораётган пўлат қурилма, унга чиқадиган на зинапоя, на мувозанат сақлайдиган таянч йўқлиги ва ўша йиллардаги қаҳратон қиш ва совуқ шамол эсиб туриши – ана шундай шароитларда минора қурувчилари мисли кўрилмаган қийинчиликларни енгиб ўтдилар.

Алоқа вазирлиги телеминорани 1985 йил 15 январ куни расмий ишга туширишга қарор қилди ва бу кун республика алоқачилари, тошкентликлар учун ҳақиқий байрамга айланди. Телеминора ишга тушгандан кейин бирон марта техникавий хатолик юз бермади. Бошқа телемарказлар орасида иш натижалари энг юқори, обрўси баланд эди. Хориждан, қардош республикалардан, юртимиз шаҳарларидан, айниқса, Тошкент шаҳри ва вилоятидан кўплаб меҳмонлар келиб тургани учун хизмат доираси ҳам кенг бўлди. Зарур бўлганда республика телемарказларига техникавий ёрдам ҳам кўрсатиб турди.

1988 йилда Бутун дунё улкан миноралари Федерацияси таъсис этилди ва унга 21 миноралар аъзо қилинди. Биз ҳам керакли ҳужжатларни тўпладик ва телеминорамиз ҳақида видеофилм яратдик. Алоқа вазири биринчи ўринбосари Тоҳир Раҳимов Останкино минораси бошлиғи В.Мисюлин ва мен Париж минорасига бордик. У ерда далилларимизни, яъни ҳужжатларимизни кўриб, “Марказий Осиёда шундай ажойиб – ҳам миллий, ҳам замонавий архитектура асари яратилгани қувончли ҳол”, – деб БУМФга қабул қилишга тавсия беришди. Федерация йилига бир марта барча аъзолар қатнашувида бирон аъзо минорада мажлис ўтказиб, ўтган йил хулосасини муҳокама қилар экан. Тошкент минораси 1991 йил октябр ойида Роттердам (Голландия) минораси мажлисида БУМФга аъзо этиб сайланди – шу кундан бошлаб барча аъзо бўлган минораларда Ўзбекистон байроғи, минорамиз кундузги ва кечки кўринишлари, макети ва Ватанимиз ҳақида батафсил маълумотлар намойиш қилинган. Ҳозир ушбу федерация аъзолари 30га яқин. Миноралар раҳбарлари йилда бир марта тайин қилинган минорада йиғилиб, юз берган ўзгариш ва янгиликларни муҳокама қиладилар. Демак, биз дунё бўйича техника ва жорий этилган янгиликлардан хабардор бўламиз. Аъзолик йиллардан маълум бўлдики, бизнинг минорамиз ҳеч кимникидан кам эмас ва ҳатто устунлиги ҳам бор. Масалан, Окленд (Янги Зеландия) минораси яшин уриши сабабли катта талафот кўрди, улар БУМФга мурожаат қилиб, қайси минорада яшин қайтарувчи тизими ишончли ва арзон бўлса, бизга тавсия берсин, деб илтимос қилди. Биз ҳам бошқалар қатори тушунтириш юбордик, улар бизнинг тизимни жорий этиб, ташаккур билдирди.

Истагим — телеминорамиз Ватанимиз обидалари ва Эйфел минорасидек асрлар оша довруқ қозонсин.

Умида Қодирова,
меҳнат фахрийси,
1980–1999 йилларда телеминора қурилишида ишлаган биринчи раҳбар

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг