Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ногиронлар «Саховат» уйидан чиқиб, бозорда тиланчилик қилганмиди?

Ногиронлар «Саховат» уйидан чиқиб, бозорда тиланчилик қилганмиди?

Фото: «Google.com»

«Жамият» газетасида чоп этилган «Саховат» уйидан қочса бўладими?» сарлавҳали мақола юзасидан Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан муносабат билдирилди.

Муносабатда билдирилишича, Оҳангарон «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйида 98 нафар қариялар ва 72 нафар 1 ҳамда 2-гуруҳ ногиронлари, жами 170 нафар кекса ва ногиронлар истиқомат қилади. Муассасада истиқоматчилар учун беш маҳал иссиқ овқат, кийим-кечак, иссиқ хоналар ҳамда уларнинг яхши яшашлари учун бошқа барча шароитлар яратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 23 августдаги 240-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, Оҳангарон «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи устави тасдиқланган. Уставда интернат уйига васийликка олинган қария ва ногиронларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Яъни уставнинг 32-бандига кўра, васийликка олинганлар «Саховат» интернат уйи ҳудудидан ташқарига чиқиши фақат интернат уйи раҳбариятининг рухсати билан амалга оширилади. Васийликка олинган фуқаро ўзбошимчалик билан «Саховат» интернат уйи ташқарисига чиққан тақдирда маъмурият ушбу ҳолат қайд этилган вақтдан бошлаб зудлик билан бу ҳақда ички ишлар ҳамда соғлиқни сақлаш органларига хабар қилиниши белгилаб қўйилган.

Муассасада яшовчи ногиронлар Ғ.Марупов ҳамда В.Коновалов доимий рухсатнома билан бозор ҳудудига чиқишган ва тиланчилик билан шуғулланишган. Мақолада айтилганидек, бозор маъмурияти интернат уйига бир неча марта эмас, балки шу ҳолат юз берган санада биринчи марта ёзма мурожаат қилган.

Интернат уйида газетада чоп этилган мақола юзасидан 2019 йил 16 ноябрь куни муассаса ходимлари ҳамда васийликка олинганлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда интернат уйида истиқомат қилувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, нохуш вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Яъни эндиликда васийликка олинган фуқароларга бериладиган доимий рухсатномалар бекор қилиниб, кунлик рухсатномалар бериш тартиби йўлга қўйиладиган бўлди. Шунингдек, васийликка олинганлардан кафолат хати олиниб, алоҳида назоратчи бириктирилган ҳолда ташқарига чиқишларига рухсат берилиши амалга оширилади. Ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун муассаса маъмурияти вазиятни тўлиқ ўз назоратига олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг