Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ниғматилла Йўлдошев Сурхонда юрибди. Хўш?

Ниғматилла Йўлдошев Сурхонда юрибди. Хўш?

Фото: Бош прокуратура

Шу кунларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев хизмат сафари билан Сурхондарёда бўлиб турибди. Маҳкама матбуот хизмати ва «Xabar.uz» манбасидан келаётган хабарларга қараганда, Бош прокурор вилоят марказида фуқароларни «нари-бери» қабул қилиб, шартта ортга қайтмагани англашилади. Масалан, кеча сайёр қабул ўтказилиб, унда жами 20 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларининг мурожаатлари олинди. Мурожаатларнинг қарийб ярими суд қароридан норозилик мазунида (9 та) бўлса, иккитаси прокуратура, биттаси ички ишлар органлари фаолиятига дохил. Қолганлари бошқа масалаларга оид бўлиб, барчаси назоратга олиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланади.

Сайёр қабулдан сўнг жойларга чиқиб, фуқароларнинг муаммоларини ўз ўрнида ҳал этиш ҳаракатига тушган. Хусусан, Термиз тумани «Қуёшли Юрт» маҳалласида пиёда юриб, йўл-йўлакай одамлар билан суҳбатлашган. Тошкентдан келиб, ўнқир-чўнқир йўлларда юрган «катта»нинг кимлигини маҳалладаги ҳаммаям билмас, шу ташриф сабаб анча-мунча муаммо саноқли соатларда ҳал этилганидан хурсанд бўлишгани бор гап. Яъниким, маҳалланинг 1 километрдан кўпроқ масофадаги ички йўлларига шағал ётқизилди, хонадонларни суюлтирилган газ балонлари билан таъминлаш муаммоси ечилганидан ташқари ҳудудга яп-янги трансформатор ўрнатилди. Қишлоқ жойларидаги энг катта муаммо шу аслида. Рост-да, йўл текис, хонадон иссиқ ва уйда чироқ ёниб турса, киши кўнглига ёруғлик инади-да.

...Термизлик Дилафруз Каримова ижтимоий тармоқлар анча фаол. Йўқ, у бекорчиликдан тармоқни «маскан қилиб», ҳуда-беҳуда гаплар билан на доноликка, на блогерликка даъво қилади! Серғайрат бу синглимиз бир неча йиллардан бери имконияти чекланган шахсларга касб ўргатиб, иш билан таъминлаш масаласида куйиб-пишиб юради. Ижтимоий тармоқлар орқали бундай хайрли ишга бошқаларни ҳам фаол даъват этиб келади. Шу мақсадда «Гулбаҳор нурли Келажак» МЧЖ очган, катта машаққатлар билан анча-мунча ишларни уддалаган ҳам. Кейинги пайтларда Д.Каримова раҳбарлик қилаётган жамият бинога катта эҳтиёж сезаётгани, ногирон ходимларининг ишлаши учун етарли имконият бўлмаганлиги бўйича турли ташкилотларга мурожаат қилиб келганидан кўплар бохабар.

Ниҳоят, унинг мурожаати Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, Термиз шаҳар ҳокимлиги балансидаги бўш бино қарор асосида ажратиб берилиши таъминланганди. Шунингдек, ушбу бўш бино таъмири ва ногирон ходимларнинг ишлаши ҳамда яшаши учун шароит яратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Манбамизга кўра, Бош прокурор кун тартибига ўзгартириш киритиб, Д.Каримова раҳбарлигидаги «Гулбаҳор нурли Келажак» МЧЖга борди.

Яратилган шароитлар билан танишди, бу ерда меҳнат қилаётган кўнгли ярим инсонлар билан суҳбатлашди. Айни пайтда бу ерда ўттиз нафардан кўпроқ ногирон хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Шароитлар чаккимас. Бироқ улар тикаётган маҳсулотлари учун бозор топишда муайян қийинчиликлар мавжуд. Ҳал қилса бўладиган муаммоми? Шундай. Бош прокурор ваъда берди. Демак, муаммога ечим бор.

Кечга яқин Н.Йўлдошев Сурхондарё вилояти халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида иштирок этди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан жонлигина маъруза қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг