Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Эски усул»ни қўллаган етти нафар боғча мудираси жазоланди

«Эски усул»ни қўллаган етти нафар боғча мудираси жазоланди

Фото: ЎзА

Жамоатчилик учун ҳар бир куннинг ўз мавзуси бор. Дейлик, бир неча кун аввал оммавий ахборот воситалари коррупция ҳолатлари хусусида тинимсиз бонг урдилар ёки  кейин нон маҳсулотлари нархи ошгани барчанинг эътиборини тортди. Бугун эса қайсидир боғчадаги тартибсизликлар кўпчиликнинг энсасини қотирмоқда.

Касб тақозоси билан хизмат текширувларида бўлганимда  ҳар хил қонунбузарликларга гувоҳ бўламан. Одамлар бир икки сўмлик фойда учун нималарга қўл урмайди, дейсиз...

Дарвоқе, мактабгача таълим муассасаларига тарбияланувчиларнинг қабули анчадан буён Давлат хизматлари марказлари  орқали амалга ошириляпти. Шунга қарамай, боғча мудиралари орасида эпчил, ўз манфаати йўлида уддабуронлари ҳам учраб турибди.

Давлатимиз томонидан белгиланган қонунларга мувофиқ, Давлат хизматлари агентлигининг жадвал режаси асосида Навоий вилояти бошқармаси томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламент талабларига риоя этилишини ўргандик.

Ўрганишлар давомида Навоий шаҳридаги 1, 3, 14, 30, 31, 32, 33, 34-сонли мактабгача таълим муассасаларида жами 180 нафардан ортиқ болаларни давлат МТМларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, 2018 йилнинг 2 апрелида фуқаро К.Музаффаров фарзанди З.Илҳомиддиновни Навоий шаҳридаги мактабгача таълим бўлимига навбатга қўйиш учун Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилган. Мурожаат марказ томонидан шу куниёқ электрон ахборот алмашинуви дастури (arm.gov.uz) орқали Навоий шаҳар мактабгача таълим бўлимига юборилган. Бироқ, муассаса мазкур мурожаатни 3 иш кунига кечиктириб навбатга қўйган. Бу эса Вазирлар Маҳкамасининг 244-сонли қарори билан тасдиқланган «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш»нинг маъмурий регламенти талабларига зид. Қолаверса, уч кун ичида фарзандини боғчага жойлаштира олмаганидан қанчадан-қанча ота-оналарнинг  хуноби ошди. Улар оз эмас: бундай ҳолатлар 1361 нафар фуқаронинг аризаларида такрорланган.

Бундан ташқари, Навоий шаҳар 1-сонли мактабгача таълим муассасасининг буйруқларни қайд қилиш дафтари кўздан кечирилганида 2018 йил 1 апрель кунидан эътиборан 31 нафар бола тарбияланиш учун қабул  қилинган, шундан 8 нафари Давлат хизматлари маркази орқали берилган йўлланма асосида, 23 нафари Навоий шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан 2018 йилнинг 1 апрель кунигача берилган йўлланмалар асосида жойлаштирилган, яъни эски услубда иш кўришган.

Худди шундай тарзда  Навоий шаҳридаги 31-мактабгача таълим муассасасида ҳам 16 нафар бола аввалги йўлланмалар билан боғчага қабул қилинган.

Ахир, бу кўзбўямачиликнинг ўзи-ку!

Бундай аҳвол иш тартиби ўрганилган 6 та мактабгача таълим муассасасида аниқланди. Кўриниб турибдики, ҳали бу тизимда таниш-билишчилик иллатларига чек қўйилмаган. Йўқса, хизмат текшируви натижалари туфайли 7 нафар мактабгача таълим муассаса мудираси маъмурий жавобгаликка тортилмаган  бўлардилар. Дарвоқе, ҳар бир боғча мудираси қонунбузарлиги учун 522 минг 900 сўмдан жаримага тортилди.

Қайси юртда бўлмасин, қонунлар ишламас экан, унда биринчи ҳолатда азият чекадиган — халқ. Мен қонунларни йўл ҳаракатида ишлаб турган светофорга ўхшатаман. Унга риоя қилинмаган куни йўлда тартибсизлик бўлиши аниқ. Энг ёмони, бу чироқ бузилганида қурбонлар бўлиши эҳтимоли юзага келади. Демак, юртимизда чиқарилаётган қонунларнинг ишлаши учун энг аввало аҳолида ҳуқуқий билим ва тарбия бўлиши, фуқаролар эса  қонунларимизга ҳурмат билан қараб бурчдорлик вазифасини унутмаслиги лозим.

Нодира Самандарова,
Давлат хизматлари агентлигининг
Навоий вилояти бошқармаси
матбуот хизмати ходими 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг