Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманган вилояти ҳокимига янги матбуот котиби тайинланди

Наманган вилояти ҳокимига янги матбуот котиби тайинланди

Наманган вилояти ҳокимининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан Фарход Аҳмаджонович Мамадалиев вилоят ҳокимининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У мазкур лавозимда фаолият юритган Азизбек Абдувалиевнинг ўрнида иш бошлади.

Фарход Мамадалиев 1980 йил 29 июль куни Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, 2002 йили Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини, 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги хорижий филолог, сиёсатчи.

Фарход Мамадалиев меҳнат фаолиятини 2002 йилда Тошкент шаҳридаги 296-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. У 2002 – 2018 йиллар давомида «Инсонларга ғамхўрлик халқаро фонди» Тошкент ваколатхонаси администратори, Уйчи туманидаги 17-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Наманган вилояти «Шарқ» телевиденияси таржимони ва бош муҳаррири, Наманган вилояти телерадиокомпанияси катта муҳаррири, Наманган шаҳар ҳокимлигининг спорт ишларини ташкил этиш ва ривожлантириш масалалари бўйича етакчи мутахассиси, ахборот хизмати раҳбари, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари котибияти етакчи мутахассиси, Уйчи тумани ҳокимининг инвестициялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида иш олиб борган.

Фарход Мамадалиев 2019 йилнинг 2 августидан буён Уйчи тумани ҳокимининг ўринбосари – туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳокимнинг матбуот котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ахборот хизмати раҳбари бўлибгина қолмай, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида лавозим ва мақом жиҳатидан ҳоким ўринбосари даражасига тенглаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг