Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Миллий тикланиш» раҳбари: «Ўзини ҳурмат қилган одам 50 доллар тежаш учун ёниб кетадиган автобусда, 50 даража совуқда йўлга чиқмайди»

«Миллий тикланиш» раҳбари: «Ўзини ҳурмат қилган одам 50 доллар тежаш учун ёниб кетадиган автобусда, 50 даража совуқда йўлга чиқмайди»

Фото: Kun.uz

«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Uzreport телеканалидаги кўрсатувда миграция юзасидан ўз фикрларини билдирди.

«Ўзбекистон яқин 20 йилда ўз меҳнат ресурсларини иш билан тўлиқ таъминлайди десак, бу ёлғон гап бўлади. Биз ўзимизни алдаётган бўламиз. Ўзбекистон иқтисодий имкониятларининг ўсиш суръатлари ҳамда меҳнат ресурслари, аҳолининг кўпайиш даражаси бир-бирига мутаносиб эмас. Дунёда меҳнат ресурсларининг ортиқчасига эга бўлган давлатлар бор, Ўзбекистон шулардан биттаси. Айнан шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолатда, биз ушбу масалага масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг ишга ёндашув шаклини тубдан ўзгартиришимиз керак. Бугун меҳнат ресурсларини экспорт қилишнинг самарали тизими ҳақида бош қотиришимиз шарт.

Бугун бунинг атрофида жуда кўп гаплар бўляпти: шароит яратиш, улар ҳолидан хабар олиш. Булар масалага ечим эмас. Биз бугун яқин атрофдаги мамлакатларда қандай меҳнат ресурсларига талаб бўлиши мумкинлиги, уларни қандай шаклда ўша жойга олиб бориб, шароитлари, ҳақ-ҳуқуқлари таъминланадиган ҳолатда ишга жойлаштиришнинг самарали тизими ҳақида ўйлашимиз шарт», - деди у.

Алишер Қодировнинг айтишича, парламентлар парламентлараро учрашувларда хорижий давлатларда яшаётган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиши зарур.

«Биз мактабда болаларни биринчи навбатда ўзини ҳурмат қилишга ўргатишимиз керак. Ўзини ҳурмат қилган одам тил билмаган жойга иш қидириб бормайди, ўзини ҳурмат қилган одам 50 долларни иқтисод қилиш учун ёниб кетиши аниқ бўлиб турган автобусга ўтириб, 50 даража совуқда йўлга чиқмайди. Айнан шунинг учун биз айтаяпмиз: инсонни биринчи ўринда ўзини ҳурмат қилишига эришишимиз керак», - деди Алишер Қодиров.

Манба: kun.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг