Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

МИБнинг иши фақат ундиришми?  

МИБнинг иши фақат ундиришми?   

Фото Мажбурий ижро бюроси

1

 Кеча Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбарияти «Фаолиятнинг 9 ойлик якунлари ва истиқболдаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказди. Мазкур тадбирга жиддий тайёргарлик кўрилганини икки ҳолат яққол тасдиқлади:

  1. Тадбирга жой сифатида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг мажлислар зали танланди. Яъники, иштирокчилар торроқ хонада тиқилиб-туртиниб ўтирмади: жой кенг, ёзув-чизувга бемалол. Шундоқ бурнингиз тагида микрофон, нуқтани босасизда, саволни бераверасиз...
  2. ОАВ ходимлари учун тарқатилган маълумотнома (пресс-релиз) ғиж-ғиж рақамлар билан тўлиб-тошмабди: ҳаммаси ихчам, лўнда ва аниқ.

Гап йўқ, бўларкан-ку...

2

Хўп, ўтган тўққиз ойда Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси қанча ижро ҳужжатларини амалга оширибди? Марҳамат: суд ҳужжатлари ва бошқа органлари ҳужжатларини ижро этиш йўналиши бўйича келиб тушган  667 493 та 9 трлн. 687 млрд 573 млн. сўмлик ижро ҳужжатининг 383 471 таси (5 трлн. 779 млрд. 026 млн. сўмлик) охирига етказилди. Қолганини ҳам ниҳоясига етказиш учун пойтахт МИБчилари астойдил ҳаракат қилмоқда. Келиб тушган ижро ҳужжатлари миқдоридан амалга оширилгани камроқдай  кўриниши мумкин. Бироқ унутмаслик керакки, ҳар бир ижро ҳужжати бир ёки икки кунда адо этилавермайди. Ижро ҳужжатлари, хусусиятига қараб, маълум вақт талаб этади ва бу жараён анчайин оғир кечадики, уларнинг ҳар бири алоҳида мавзу.

3

МИБчиларга қандай ижро ҳужжатлари кўпроқ бошоғриқ бўлади? Ишонмассиз - алимент ундирув билан боғлиқ ижро ҳужжатлари! Яъниким, алиментчи оталар наинки собиқ хотинлари, балки соҳа ходимларининг ҳам кўп ҳолатда ўз қонига ташна қилиб юборишади. Рақамларни гапиртирсак, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий туман бўлимларида 27 215 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд. Зиммасидаги мажбуриятни адо этавермагани учун ўтган тўққиз ойда 324 нафар алиментчи 15 сутка «ўтиришга» мажбур қилинди. Бундай чора наф қилмаган 20 нафарига нисбатан эса ЖКнинг 122-моддасига (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) асосан жиноят ишлари қўзғатишга тўғри келди.

4

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Алиментчилар орасида тўловдан бўйин товлаб яшириниб юрганлари ҳам борлигига нима дейсиз?! Йил бошида улар сони 168 нафар эди. Уларнинг 103 нафари қидириб топилди ва ҳақдорларга тегишли алимент пуллари ундириб берилди. Қолган 65 нафарига нисбатан қидирув ишлари давом эттирилмоқда. Дарвоқе, МИБчилар алиментчи оталарни қарзингни тўла деб, дарҳол гирбонидан олмайди. Аввалига рисоладагидай гаплашади, қарздор ота билан оилани тиклаш имкониятларини муҳокама этади, ўрни келса, панд-насиҳат қилади. Бу жараёнда инсофга келадиганлари ҳам йўқ эмас. Улар сонига тобора барака кирмоқда. Ўтган тўққиз ойда 229 та оила яраштирилгани бунга исбот.

5

Модомики, гап МИБ фаолияти ҳақида кетар экан, истеъмолчилардан фойдаланилган электр ресурслари ва сув таъминоти бўйича қанча маблағ ундирилгани ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ.  Яна рақамларга мурожаат қиламиз. Демак: «....бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан истеъмолчилардан энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 трлн. 145 млрд. 368 млн. сўм ундирилган. Шундан электр энергиясидан 1 трлн. 424 млрд. 445 млн. сўм, табиий газдан 1 трлн. 427 млрд. 302 млн. сўм ва сув таъминотидан 293 млрд. 620 млн. сўм ундирилган. Ундирув ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 трлн. 381,4 млрд. сўмга ошган».

6

Энди сарлавҳага чиқарилган саволга келсак: МИБ фақат ундирадими? Қарзни, албатта ундиради, уларнинг иши шу. Бироқ ўша қарздорлик нореал ёки ассосиз бўлса-чи? Бунда албатта айбдорларга чора кўриб, истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилади ҳам.  2017 йилнинг июль ойидан шу кунга қадар  17 335 та истеъмолчига нисбатан 28 млрд. 273,9 млн. сўмлик нореал қарздорликлар аниқланиб, ушбу қарздорликлар олиб ташланибди. Яхши. Савол туғилади: нореал қарздорлик қандай пайдо бўлпти ўзи? Жавоб шундай: «Таҳлиллар асоссиз қарздорликлар муқаддам таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмаганлиги, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-торож қилиниши ва истеъмолчиларга етказиб берилишидаги табиий йўқотишларнинг  улар (истеъмолчилар) зиммасига қарздорлик сифатида ҳисобланиши сабабли юзага келганини кўрсатмоқда». Демак, бу жараёнда гап истеъмолчидан кўра таъминотчига тегишли экан.

Хушёрроқ бўлиш керак, муҳтарам истеъмолчилар. Емаган сомсага пул тўлаш  ким ёқибди?!

7

Мурожаатлар бўлиб турибди? Секинроқ айтасизми, тўлов-ундирувга оид масалалар сидирғаси силлиқ  кечмайди, ахир?! Рақамлар эса мурожаатчилар ҳар тўрттадан биттаси ҳақ эканини тасдиқламоқда. Яъниким, ўтган вақт давомида   келиб тушган 21 648 та мурожаатнинг 5 874 таси қаноатлантирилган. 11 796 тасига тушунтириш берилган бўлса, 219 таси кўрмасдан қолдирилган, 43 таси кўриб чиқилиши рад этилган.

Хуллас, шунақа гаплар...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг