Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Интервью: МИБ ходимларининг махсус формаси, ўзбошимча истеъмолчиларга жиноий жазо ва бошқалар ҳақида

Интервью: МИБ ходимларининг махсус формаси, ўзбошимча истеъмолчиларга жиноий жазо ва бошқалар ҳақида

Мажбурий ижро бюроси давлат инспекторларининг махсус кийими ва ходимларга ажратилган автомобиллар

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 11 январь куни Мажбурий ижро бюроси (МИБ) директори Ботир Қудратхўжаев билан интервьюнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қилган эдик. Қуйида ушбу суҳбатнинг иккинчи қисмини ўқишингиз мумкин.

— Айтинг-чи, энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш  ва пломбалаш ишлари қай тартибда амалга оширилади?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш энергия ресурслари етказиб берувчилар томонидан МИБнинг туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари иштирокида амалга оширилади.

Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари ташқи таъсирдан юқори даражали ҳимоя ҳамда фарқловчи белги билан пломбаланади.

Истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ҳамда уларни пломбалаш истеъмолчилар иштирокида амалга оширилади.

Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ва пломбалаш ҳақида уч нусхада далолатнома тузилади, у энергия ресурслари етказиб берувчилар ва МИБнинг масъул ходимлари ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади.

Истеъмолчилар электр энергияси ва газ учун тўловларни қачон амалга оширишлари керак? Қандай ҳолларда улар тармоқдан узиб қўйилади?

— Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчилар — жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириши, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш шарти билан етказиб берилиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган «Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан:

— шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан, ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмагани оқибатида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлганда;

— Бюро талабномалари ижро этилмаганда, шу жумладан, унинг вакилларига электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарига кўрсаткичларни олиш учун рухсат этилмаганда;

— электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ёки электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузишнинг бошқа ҳолатлари аниқланганда;

— электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари қасддан бузилганда, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашилганда истеъмолчилар электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилади.

Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш уларни қайта улаш тегишлича энергия ресурслари етказиб берувчи корхоналар ва МИБ томонидан амалга оширилади ҳамда бу жараён далолатнома билан расмийлаштирилади.

Тармоққа ноқонуний равишда уланганларга нисбатан кўриладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Бундай ҳолат бир неча бор содир этилган тақдирда, қонунчилигимизда қандай жавобгарлик белгиланган?

— Электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган истеъмолчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан, энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Агар шахс шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган тақдирда, Жиноят кодексининг 1852-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, агар мазкур шахс биринчи марта жиноят содир этган ва жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, Жиноят кодексининг 1852-моддаси 6-қисми татбиқ этилиб, жавобгарликдан озод этилади.

— Ҳар хил товламачилик ва фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида МИБ ходимлари махсус кийим (униформа) кийиб юриши белгиланган. Бюро ходимлари ҳам ушбу қоидаларга риоя этишмоқдами? Чунки, биласиз, баъзи ҳолларда аҳоли вакиллари бошқа фирибгар ёки қаллоб шахсларга ишониб қолиши мумкин.

Мажбурий ижро бюроси давлат инспекторлари учун ажратилган мопедлар
Фото: «Xabar.uz»

— Бюро ташкил этилгандан сўнг қисқа вақт ичида туман (шаҳар) бўлимлари давлат инспекторларини хизмат кийими билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, уларга хизмат гувоҳномалари ва жетонлар берилди.

Хусусан, МИБ директори томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ, хизмат вазифасини бажариш вақтида ходим хизмат кийимини кийиши ҳамда унинг ёнида хизмат гувоҳномаси ва жетони бўлиши шарт.

Шу боис, юртдошларимиз ўзини «Бюро давлат инспектори» деб таништирган шахсдан энг аввало унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, яъни хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилиши ҳамда жетони мавжудлигига эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Бобур Наби суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг