Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МИБ собиқ ходимларининг «исёни»га расмий изоҳ берди

МИБ собиқ ходимларининг «исёни»га расмий изоҳ берди

Фото: «Xabar.uz»

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро Бюросининг (МИБ) Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бўлими собиқ ходимлари номидан «Дам олиш, ишдан ташқари ишлаган кунларимиз учун компенсация берилсин» сарлавҳаси остида мурожаат йўлланганди.

Мазкур мурожаатни МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати қуйидагича изоҳлади:

«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6010-сонли (2020 йил, 18 июнь) Фармонига асосан, жорий йилнинг 1 августидан Мажбурий ижро бюроси фаолиятидаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш вазифа ва функциялари Энергетика вазирлиги зиммасига ўтиши, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш механизмини амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу Фармоннинг 4-бандида «электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши бўйича вазифалар ўтказилиши муносабати билан «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларнинг тузилмалари фаолиятига қўшимча жалб қилинадиган ходимлар, биринчи навбатда, мазкур банднинг тўртинчи хатбошисига мувофиқ қисқартирилаётган Бюро ходимлари ҳисобидан» тўлдирилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбарияти ҳамда номлари қайд этилган таъминотчи корхоналар томонидан ўзаро ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, ходимларга ишлаган даври учун иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида тўлаб келинган. Бюро органларидан бўшатилган билан эса меҳнат қонунчилигида белгиланган муддатларда тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши таъминланади.

Шунингдек, мурожаатнинг сарлавҳасидан келиб чиқиб, махсус буйруқ билан тасдиқланган ички меҳнат тартиб-қоидаларига асосан бошқарма ҳамда туман бўлимларида хизмат қилаётган ходимларнинг иш вақти соат 09:00 дан соат 18:00 га қадар давом этиши, белгиланган вақтдан ташқари ишлашига, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари ишга чиқишига йўл қўйилмайди.

Ходимларнинг шанба ва якшанба кунлари ишлаши фақатгина уларнинг розилиги асосида, иш берувчининг буйруғи билан амалга оширилиши ҳамда уларга иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлари учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ёки ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) берилиши асосида амалга оширилади».

МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизматининг алоҳида қайд этишича, ўтган даврда ходимлар томонидан меҳнат қонунчилиги бузилганлиги ва асоссиз равишда шанба-якшанба кунлари учун отгул берилмаганлиги бўйича мурожаатлар келиб тушмаган. Бу ҳақида бошқарма тизмидаги ходимлар хабардор қилиниб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг