Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МИБ жамғармасига қанча пул тушгани очиқланмади

МИБ жамғармасига қанча пул тушгани очиқланмади

Фото: «Xabar.uz»

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини ташкил этилган (2017 йил 15 июнь, ПҚ-3060-сон). Жамғарма маблағларни қандай мақсадларга сарфланиши ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, ҳар ҳолда, унинг ташкил этилиши хайрли мақсадларнинг ҳосиласи экани тайин. Фақат айтиш мумкинки, жамғарма маблағларидан наинки бюро, балки бутун прокуратура ходимлари баҳраманд бўлиши мумкин. Зеро, Бюро Бош прокуратура ҳузуридаги орган ҳисобланди.

Албатта, жамғармага пул осмондан тушмайди. Тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга кўра жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

  • республика истеъмолчиларига энергия ресурслари сотишдан, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатишдан тушган маблагларнинг 10 фоизи;
  • ваколатли органлар томонидан олиб кўйилган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан, шунингдек, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини (давлат божидан ташқари) ундиришдан тушган маблағларнинг 8 фоизи;
  • Бюро органлари томонидан олиб қўйилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан тушган маблағларнинг 8 фоизи;
  • давлат ижрочилари томонидан ундириладиган ижро йиғими маблағларининг 80 фоизи;
  • Бюро ходимлари томонидан кўлланиладиган ва ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи;
  • Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • Бюро бўлинмалари, шунингдек, прокуратура органларининг Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинган асосий воситаларини сотишдан олинган маблағларнинг 50 фоизи;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.

Кўринадики, жамғарманинг асосий тушумлари МИБ фаолиятига боғлиқ. Яъниким, қанча кўп ижро ҳаракатлари амалга оширилса, шунга яраша моддий манфаатдорлик ҳам бор. Бу борада анча-мунча баҳс-мунозаралар бўлди, майли, шу мавзуни яна кўтариш мавриди эмас ҳозир.

Гап шунки, бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда ўтган даврда амалга оширилган ишлар хусусида бироз ҳаяжон билан ахборот берган Мажбурий ижро бюроси раҳбарларидан юқоридаги жамғармага қанча маблағ туширилгани ҳақидаям сўралди. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ: тизим фаолиятидаги шаффофлик шу каби масалаларни ҳам ўз ичига олади аслида.

Бироқ МИБ мутасаддилари томонидан миқдор очиқланмади. Фақат яқинда Ҳисоб палатаси жамғарма фаолиятини элакдан ўтказиб, мақсадсиз сарфланмаган маблағ аниқламаганини мамнуният билан эътироф этишди, холос. Гап йўқ. Аммо жамоатчиликка қанча маблағ қандай сарфланганидан кўра, ижро жараёнида қанча пул тушгани кўпроқ қизиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг