Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Дом»да турадиган Абдураҳмонов, метрода қатнайдиган Ортиқхўжаев...

«Дом»да турадиган Абдураҳмонов, метрода қатнайдиган Ортиқхўжаев...

Иллюстратив фото

Европада энг иқтисоди гуркираган давлат – Германиянинг канцлери Ангела Меркел ўз лавозимидан кетиши ҳақида айтганда, халқ унга ҳурмати ва меҳрини билдирди.

Ангела Маркел бош вазир бўлишига қарамай, оддий ҳаёт кечириши, икки хонали уйда яшаши, хизматкорлари йўқлиги, бир кийган кийимини қайта кийиб одамларга кўриниш бериши таҳсинга лойиқ.

Ундан олдинроқ қайсидир бир хорижлик вазирнинг велосипедда ишга бориб келиши, яна бир вазирнинг ҳамма қатори тушлик учун навбатга тургани муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Шундай камтар, оддий ҳаёт кечирадиган, ўзи кир ювадиган, ўзи бозор қиладиган, ишга қиммат хизмат машинасида эмас, велосипедда қатнайдиган, ҳамма қатори навбатга турадиган амалдорни биз ҳам исташимиз, орзулашимиз бор гап.

Хўш бизда бирорта амалдор, яъни вазир, ҳоким, раис худди шунақа ҳаёт кечирса, шундай очиқ ва ҳалол бўлса, жамият қандай баҳолайди, қандай кутиб олади? Биринчи ўринда у қариндошларининг, танишларининг назаридан қолади. Кейин ён атрофидаги ҳамкасбларининг...

Хўш, айтингчи, оддийгина мисол – базмларга бир кўйлагини 2-3 марта кийиб борган аёлнинг орқасидан гапирмаганмисиз, ёки амалдор бўла туриб, машинаси йўқ бўлган одамга ҳайратланиб қарамаганмисиз? Катта лавозимда ўтириб дабдабали тўй қилганларга ҳавасланмаганмисиз? Бирорта амалдор оддийроқ оила билан қуда бўлса, устидан кулмаганмисиз?

Тенг-тенги билан, деган гап ҳам биздан чиққанку. Тасаввур қилдим, бирорта вазиримизнинг бир умр икки хонали уйда яшаб ўтишини, одмигина кийинишини ва ўзи бозор ўчар қилиб юришини.

Хўш, шундай ҳаётни танласа ким ҳурмат қилади уни? Биринчи ўринда яқинлари менсимай қўяди. «Юришини қара, вазир бўп туриб битта хизматкори йўқ, ишнинг кўзини билмайди», деб гапирадиганлар ҳам ўша Ангела Маркелни оғзининг суви қочиб мақтаётганлар.

Аслида амалдорларни шу даражага етказишда биз – оддий халқнинг ҳам ҳиссаси бор. Уларни амалдорлиги учун, уй-жойи, бойлиги, таниш-билишлари кўплиги учун ҳурматини жойига қўйганимиз, кўкларга кўтарганимиз, етти букилиб салом берганимиз учун дабдабага, ҳашаматга интилади улар. Билади, агар қиммат машинаси, қўша-қўша уй жойи бўлмаса ва шу бойлигининг ортидан виқор билан юрмаса, ҳурмат тополмайди.

Бизнинг жамият, бизнинг халқ ҳалол ва яхши, камтар, оддий одам бўлиш кераклигини уқтиради, ҳурматлайди, гўёки яхши одам деб тан олади, лекин қўша-қўша машинаси, қўша-қўша қасрли уйи бор, таниш-билиши бисёр, қаёққа қўли чўзса етадиган амалдорни тўрга чиқаради, ҳавас қилади. Айтингчи, кимга ёқмайди доимо тўрда ўтириш?!

Балки бизнинг орамизда ҳам камтарона яшаётган амалдорлар бордиру, биз қадрига етмаётгандирмиз. Жамият, одамлар назаридан қолгани, ўша камтарлигини ҳурматламаганимиз учун, жамиятга сиғдирмаганимиз учун айни пайтда ҳафсаласи пир бўлгандир.

Ангела Маркелни шу оддийлиги, камтарлиги учун яхши кўрадиган, қадрлайдиган халқи бор. Унинг оддий турмуш тарзини ёқлайдиган айнан оддийлиги учун мана шундай машҳурлик даражасига етказган халқи бор.

Биз тайёрмизми шундай камтарона яшайдиган амалдорларни, вазирларни, ҳокимларни тан олишга? Уйимизнинг тўрига, тадбирларимизнинг асосий қаҳрамонига айлантира оламизми? Ёки биринчи ўринда унинг кийган кийимига, машинасининг қиммат ёки арзонлигига эътибор қаратамизми?

Тасаввур қилинг, сизнинг уйингизга вазир қариндошингиз велосипедда кириб келди ёки масалан айтайлик, сенат раиси Танзила Норбоева ҳамма қатори тушликка навбатга турибди, Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов оддий «дом»да яшайди, ишга пиёда қатнайди... Метрода кетаяпсиз, кейинги бекатда Жаҳонгир Ортиқхўжаев папкасини қўлтиқлаб чиқди. Экопартия раиси Нарзулло Обломуродов кўчада касал бўлиб ётган мушукними ёки итними кўриб қолди ва машинасидан тушиб уни ветклиникага олиб кетди ёки ўзи турадиган ҳудудга дарахт экиб юрибди.  

Минг чиранманг, тасаввур қилолмайсиз, аниқроғи ҳазм қилолмайсиз. Лекин аниқ биламан, барчамиз навбатда турган бўлсак, ўша заҳоти навбатимизни бўшатиб берамиз, метрода бир вагон одам ўша заҳоти туриб шаҳар ҳокимига жой беришга ошиқади ва биламанки, ҳаммамизнинг қўлимиз кўксимизда.

Аниқ биламан, машинадан тушиб (тасаввур қилолмаяпман) бирор ҳайвонни ветклиникага олиб кетаётган раисни кўрган танишлари, «ғалати экан-а» дейди ёки дарахт экдиришга қўймай, дарров ўзлари ер ковлашга тушиб кетади.

Аниқ биламан, Ангела Маркел кетаётганда халқ қарсак чалиб  кузатадиган реакция бўлмайди бизда... Ҳеч ким уларга қарсак чалмайди, балки ҳайратланади ва ичида куладиям устидан. Бу вазиятда ўзини ноқулай сезган амалдорларимиз эса, албатта, оч қулоғим тинч, деб халқни баландроқдан туриб кузатади.

Унутманг, халқ қандай бўлса, амалдорлар шундай. «Тенг-тенги билан», деган гап ҳам айнан бизга тегишли, бизнинг гапимиз ва биз ҳақимизда...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг