Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Қозоғистондаги фожиа ҳақида: «Мендан сўрасангиз – ҳаммасига сифатсиз таълим айбдор дейман!»

Қозоғистондаги фожиа ҳақида: «Мендан сўрасангиз – ҳаммасига сифатсиз таълим айбдор дейман!»

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бугун Қозоғистондаги фожиада ҳалок бўлган 49 нафар юртдошимизнинг рўйхатини эълон қилди. Рўйхатни кўриб, юрак-бағрим яна қон бўлди. Албатта, ҳар бир вафот этган инсоннинг доғи барчамиз учун юк, лекин ҳалок бўлганлар орасида ота-бола, ака-укаларнинг борлиги қалбимизни баттар тирнаяпти.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан ота-бола – 1970 йилда туғилган Маъруфжонов Адҳамжон (48 ёш) ҳамда унинг фарзанди Авазбек (21 ёш) ҳам ҳалок бўлибди.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидан ака-укалар Мадраҳимов Ҳамидулло (32 ёш) ва Ҳабибулло (27 ёш) бу ёруғ оламни эрта тарк этишди.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Муҳсинжоновлар оиласидан яна бир ака-укалар Турдиали (24 ёш) ва Абдулбоқи (22 ёш) ҳам энди орамизда йўқ.

Қандай фожиа юз берганини ҳис қилиб кўраяпсизми ўзи?

Қанчадан-қанча оила суянган тоғини йўқотди. Қанчадан-қанча ота-оналар навқирон, айни кучга тўлган фарзанду жигарбандидан айрилди. Водий узра мотам булути кезиб юрибди...

Ижтимоий тармоқларда буларга ким айбдор деган саволларни кўп беришмоқда. Айримлар ишсизликдан тортиб билет нархларигача, қишлоқларда шароит йўқлигидан тортиб марҳумларнинг ўзларини ҳам айбдор қилиб кўрсатишаяпти.

Лекин, мендан сўрасангиз, буларнинг барчасига сифатсиз таълим айбдор деб жавоб бераман.

Ишсизлик кўпми? Чунки таълим тизимимиз янги иш ўринларини очадиган, инновацион ғоялар, ташаббускорлик билан яшайдиган ҳар томонлама етук кадрлар етиштириб бера олмаяпти.

Тадбиркорларимиз ривожланмаяптими? Чунки таълим тизимимиз тадбиркорнинг юраги бўлган кучли менежерлар, маркетологлар, узоқни кўра оладиган молиячиларни етиштириб бера олмаяпти.

Коррупция кучлими? Чунки таълим тизимимизнинг ўзи коррупциядан холи эмас. Боғчага болангизни пул билан қўйганингиздан кейин у институтни тугатиб диплом олгунча қанчадан-қанча қорни қаппайган виждонсиз раҳбарларнинг чўнтагини бойитишингиз керак.

Четда мардикорлик қилишаяптими? Чунки таълим тизимимиз замонавий меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлаб бера олмаяпти. Бизнинг таълимдан чиққанларнинг кўпчилиги (ҳаммаси эмас) нари борса кўча супуриш ёки қурилиш қилишга яраяпти холос.

Хўш, яна қайси соҳа керак? Юртимизда малакали шифокорлар камми? Чунки тиббий таълим чириб битган.

Юртимиз ўз табиий бойликларидан самарали фойдалана олмаяптими? Чунки нефт-газ, геология ва шу каби соҳаларда пичоққа илинадиган мутахассис тайёрлаш таълим тизимимиз учун амримаҳол.

Юртимиз ерлари кам самарали экинлар билан банд қилинаяптими? Чунки таълим тизимимиз қишлоқ хўжалиги, ирригация-мелиорация соҳасида бирорта натижа кўрсата олмаяпти.

Умуман, мамлакатимизда қайси соҳа оқсаётган бўлса, қайси соҳада тизим ишдан чиққан бўлса, билингки, уларнинг замирида сифатсиз таълим ётади. Таълими ривожланмаган, ўқитувчиси ҳурматга эга бўлмаган жамият ҳеч вақога эриша олмайди. Бундай жамиятнинг бошида фақат мотам бўлади холос.

Қозоғистондаги фожиада кириш имтиҳонларида нафсига қул бўлиб, миллатига хиёнат қилаётган коррупционер масъулларнинг ҳиссаси бор.

Қозоғистондаги фожиада ўқитувчини пахта даласига ҳайдаган, уларга кўча супуртирган масъулларнинг ҳиссаси бор.

Қозоғистондаги фожиада ўқитувчиларни қоғозбозликка кўмиб, ҳар бир йўталгани учун ҳам ҳужжат сўрайдиган тизимни яратиб қўйган масъулларнинг ҳиссаси бор.

Қозоғистондаги фожиада сессия пайтлари жарақ-жарақ пул эвазига калласи бўм-бўш талабаларни ҳимоя қиладиганларнинг ҳиссаси бор.

Қозоғистондаги фожиада сифатли таълим тизимини яратиш учун масъул бўлган, лекин буни шунча йилдан буён уддалай олмаётган барчанинг ҳиссаси бор.

Келгусида бундай фожиалар такрорланмаслиги учун «бизда ҳаммаси яхши, таълимга эътибор катта, кўп маблағлар ажратаяпмиз, кириш имтиҳонларида қинғирликлар аниқланмади, беш-олти нафар ўқувчимиз халқаро олимпиадада ўрин олди, демак, тизим зўр» деган олди-қочди гапларни бугундан йиғиштириб, илм-фанни, интеллектуал оламни ривожлантириш, ўқитувчиларнинг обрўси ва салоҳиятини ошириш йўлида жиддий, кенг кўламли ислоҳотларни бошлашимиз керак.

Эртага кеч бўлиши мумкин... Ҳар икки-уч ойда ўзга юртга иш излаб кетаётган 50-60 нафар бегуноҳ юртдошларимиздан айрилиб қолишни жимгина кузатиш оғир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг