Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тадбирдаги камчиликларни Олий суд раиси ўринбосари тузатишга ҳаракат қилди

Тадбирдаги камчиликларни Олий суд раиси ўринбосари тузатишга ҳаракат қилди

Фото: «Kun.uz»

Бугун Президент админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида аввал кузатилмаган ҳолатлар рўй берди.

Тадбирда ОАВ вакилларидан кўра Олий суд ходимлари кўпроқ бўлди. Ёш-ёш суд ходимларининг матбуот анжуманига таклиф этилиши зални тўлдириш учун қилинган чорами ёки уларга тажриба мактаби бўлиши учун ҳаракатми, бундан қатъи назар, ўз номи билан МАТБУОТ АНЖУМАНИда мезбонлардан кўра кўпроқ меҳмонлар бўлиши оддий мантиқ ҳисобланади. Бундай «тенгсизлик»ни аксарият журналистлар «саволлар бўрони»га нисбатан қилинган муҳофаза, деб тушинди.

Яна бир ҳолатки, бу энди бир ҳамкасбимизга боғлиқ. Ёш мухбир укамиз биринчидан бўлиб савол берар экан, гапига тасдиқ маъносида ўзи билан икки нафар шикоятчини ҳам олиб келибди. Берган саволи уларнинг муаммосига боғлиқлиги боис, гапини тугатгани ҳамоно микрофонни шикоятчиларга тутқазди. Улар муаммосини айтишга тушди...

Тадбирнинг савол-жавоб қисми «халқ қабулхонаси»га ўхшаб бошлангани айрим ОАВ ходимларининг эътирозига сабаб бўлди. Шу баробарида уларни тушунишга ҳаракат қилинди ҳам: муаммоси суякка етгандирдики, арзи-ҳол қилиш учун Олий суд раҳбарияти иштирок этаётган тадбирга келмоққа мажбур бўлишибди!

Эътиборлиси, уларнинг муаммоси тингланди ва ўша заҳоти Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров тегишли масъулларга топшириқ берди: комиссия тузиб, уларнинг арз-шикоятини ўрганинглар, бу жараёнда журналист ҳам иштирок этсин, қаршилигимиз йўқ!

Мутасадди «бу ерда матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда, шикоятингизни суд идорасига бориб айтинг», дейиши мумкин эди. Бироқ кенглик қилди, гап йўқ.

Матбуот анжуманида фаолиятга оид қатор маълумотлар ҳам келтирилди:

  • 2019 йилнинг ўтган беш ойида фуқаролик судларида 123 014 та иш кўрилди, иқтисодий судларда 91 9141 та, маъмурий судларда эса бу рақам 194 500 тани ташкил этади.
  • Жиноят ишлари бўйича судларда кўриб чиқилган ишлар натижаларига кўра, 12 495 нафар шахсга нисбатан шартли жазо тайинланди (шундан 1217 нафари аёллар, 43 нафари вояга етмаганлар), 3 822 нафар шахснинг жазоси енгилроғига алмаштирилди (шундан 211 нафари аёллар, 17 нафари вояга етмаганлар).
  • Ўтган беш ойда 289 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 1492 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган.
  • Одил судловни амалга оширишда йўл қўйган камчиликлари учун 151 нафар судьяга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Яъниким, 95 нафар судьяга ҳайфсан эълон қилиниб, 27 нафари огоҳлантирилган бўлса, 11 нафарининг «жавоби берилган».
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг