Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг илк учрашуви

Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг илк учрашуви

2020 йил 23 декабрь куни Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш бўйича видеоконференцалоқа шаклида илк учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати вакиллари, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамда БМТТДнинг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси номидан Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Учрашувда Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг давлат ва жамоат ишларидаги иштироки, ўзгаришларни рўёбга чиқариш ва ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш, шу жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ушбу соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлардан тўлиқ хабардор қилинди.

Мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди.

Парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева хотин-қизлар энг масъулиятли лавозимларга тайинланаётгани давлатимиз раҳбарининг уларга бўлган катта ишончи ва ҳурматидан далолат беришини таъкидлади.

Катта тажрибага ва муҳим натижаларга эга мамлакат сифатида Ўзбекистонда хотин-қизларни уй-жой ва иш билан таъминлаш, жамиятда уларнинг ролини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, умуман, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёда ижобий баҳоланмоқда.

Тадбир давомида томонлар таъкидлаганидек, «Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари билан мулоқот» норасмий механизмининг фаолияти минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш эришиш, давлат ва жамият бошқаруви, тадбиркорлик тизимида аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга, қолаверса, хотин-қизлар, ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашади.

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н. Герман қайд этганидек, марказ муҳокамалар учун платформа яратишда, кейинги ишларда, шу жумладан, минтақавий ва глобал ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда, тажриба алмашишда ёрдам беришга тайёр.

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича самарали ишлар тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Шу муносабат билан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбарининг таклифига биноан 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислик қилиш Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаевага топширилди.

Учрашув давомида томонлар ишнинг биринчи йилидаги ҳамкорлик соҳалари ва норасмий тузилманинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқди.

Марказий Осиё етакчи аёлларининг норасмий мулоқоти фаолиятини таъминлаш бўйича комплекс ташкилий масалаларни ҳал қилиш ва мазмунли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Асосий мақсад ўзаро тажриба алмашиш, ижобий иш тажрибасини ўзлаштириш ва уларни ўз мамлакатларида қўллашдир.

Минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорликнинг мазкур янги формати мамлакатларимизда хотин-қизлар ролини кучайтиришга қаратилган қарорларни биргаликда ишлаб чиқишда самарали механизм бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг