Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марказга келувчиларни Қорбобонинг ўзи кутиб олмоқда (фото)

Марказга келувчиларни Қорбобонинг ўзи кутиб олмоқда (фото)

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Янги йил. Тўғриси, бу байрамдан  мўъжиза кутмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Чунки, у совғалар-у, туҳфалари билан қадрли. Инновацион ёндашувлари билан ўзига барчани чорлаётган Навоий шаҳар давлат хизматлари марказида яна бир янгилик. Энди ҳар куни марказга келувчиларни Қорбобонинг ўзи кутиб олмоқда. Шунчаки эмас, қўлида янги йил совғаси билан. Қандай совға деб ажабланаётгандирсиз. Бу китоб. Китоб чинданам  совғалар ичида энг зўри. Уни қабул қилаётган каттаю кичикнинг кўнглида шоду хуррамлик, янги йил қувончи. Ота-онаси ортидан эргашган болажонлар учун эса  ҳар доимгидек ширинлик бор.

Кунига 500-600 нафар фуқаро ташриф буюрадиган марказда хизматлар сони ортгани сайин, одамларнинг қатнови ҳам кўпаймоқда. Салоҳиддин Бойназаров 66 ёшда. Отахон ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун давлат хизматлари марказига мурожаат қилганлардан. Барча хизматлар шаффоф ва бюрократик тўсиқлардан холи тарзда амалга оширилаётган марказда 10 дақиқа  ичида  давлат ҳизматига бўлган мурожаатингизга жавоб оласиз. Янги йилда янги ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган Салоҳиддин ота сингари фуқаролар камида 100-150 кишини ташкил этяпти. Мана шу-да янги йил мўжизаси, деди марказда ташкил этилган хизмат сифатидан ҳайратда қолган отахон.

Бу йил янги йилни Навоийда кутиб оладиган бўлдим, дейди хитойлик ҳамкор Дза О.  У дунё бозорига кимё маҳсулотлари етиштириб бераётган Навоиазот корхонасининг минизаводлари қурилишида иштирок этяпти. Навоийда ишлашига рухсат олиш, яшашини вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун давлат хизматлари марказига келган хорижлик меҳмонлардан. Навоийда қаерга кирмайлик янги йил  кайфияти, дейди чет эллик фуқаро.

Ҳа-я, янги йилга яқин кунларда Навоийга борсангиз, албатта Навоий шаҳар давлат хизматлари марказига кириб ўтинг. Боиси каттаю кичикнинг у ёки бу масаласига ечим топилаётган бу масканда ҳеч йўқса қорбобонинг мўъжизаларига дуч келасиз. Дарвоқе, яна бир хушхабар. Янги йилга яқин кунларда вилоятнинг Конимех туманида ҳам давлат хизматлари маркази биноси очилади.

Нодира Самандарова,
 Давлат хизматлари агентлиги

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг