Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мақтанганнинг миси чиқди» ёки кўза синган кун

«Мақтанганнинг миси чиқди» ёки кўза синган кун

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 30 сентябрида Тошкент шаҳар, Миробод туманида яшовчи фуқаро Б.Б. томонидан ҳеч қанақа расман ишламаган турмуш ўртоғи — Б.Ф.нинг ҳужжат сохтакорлиги билан шуғулланиб, катта миқдордаги пенсия олиб келаётганлиги ҳақидаги маълумотлар баён қилинган ёзма мурожаати Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига келиб тушган. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати «Xabar.uz»га хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ижро этувчи аппарат ходимлари томонидан мазкур мурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни 19-моддасида белгилаб қўйилган талабларидан келиб чиққан ҳолда, ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида ариза муаллифига тегишли жавоб хати йўлланган.

Аммо, Б.Ф.нинг ёшга доир пенсия иши Ижро этувчи аппаратнинг малакали мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам фуқаро Б.Ф.га 2008 йилнинг 7 августидан эътиборан, тақдим қилган ҳужжатларига асосан 35 йиллик иш стажи ҳисобидан ёшга доир пенсия тайинланган бўлиб, унинг пенсия миқдори 2019 йилнинг 1 августидан 1,1 млн. сўмни ташкил қилган.

Фуқаро Б.Ф.нинг тақдим қилган пенсия ҳужжатлари бўйича Фарғона вилояти Ёзёвон туман давлат архивида сақланаётган Фарғона вилояти «Қишлоқхўжаликкимё» АЖнинг 1975-1993 йиллардаги иш стажлари ҳамда унинг мазкур корхонадан 1982-1986 йилларда тўланган ойлик иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотлари, шунингдек, 1993-2004 йиллардаги меҳнат фаолияти даврлари Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги «SUNUR SERVIS» МЧЖ сақловидаги буйруқлар китоби ҳамда ойлик маошлар китобидан солиштириб ўрганилди.

Фуқаро Б.Ф.нинг исм-шарифи ҳамда унга тегишли маълумотлар ҳам ўз тасдиғини топмаганлиги натижасида, фуқарога 71,9 млн. сўм миқдоридаги пенсия тўлови амалдаги қонунчиликка зид равишда тўланганлиги аниқланди ҳамда ёшга доир пенсия иши ўрганиш кунида рад этилди.

Ҳозирги кунда, фуқаро Б.Ф. томонидан ўзлаштирилган 71,9 млн. сўмдан 32,1 млн. сўми Жамғарма ҳисобига фуқаро томонидан ихтиёрий равишда қайтарилган бўлиб, ўтказилган ўрганишлар юзасидан тўпланган текшириш материаллари ва ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим қилинган.

«Шунинг учун қонун билан қўриқланадиган давлат ва Жамғарма маблағларини ўз манфаатлари йўлида ўзлаштириб мақтанишдан ҳеч қандай маъно йўқ. Чунки, фуқаро Б.Ф.га ўхшаб ўзганинг мулкини ўмариб, ҳеч ким барака топмаган ва улар олтин деб мақтанган матоҳ аслида мис бўлиб чиқиши мумкин. Ўзбек халқида минг йиллар давомида синалган бир нақл бор «Кўза кунда эмас, кунида синади». Б.Ф.нинг 2008 йилдан буён синмасдан келаётган кўзаси ва ниҳоят бугунги кунга келиб синди...», дейилади жамғарма матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг