Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мактабларга ДХМ орқали қабул қилиш тартибига батафсил изоҳ берилди

Мактабларга ДХМ орқали қабул қилиш тартибига батафсил изоҳ берилди

Фото: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати

2019 йилнинг 10 июнь куни Давлат хизматлари агентлиги томонидан болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ва олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартибидаги янгиликларга бағишланган брифинг ташкил этилди.

Тадбирда Давлат хизматлари агентлиги, Халқ таълими ва олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат тест маркази масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидланишича, 2019-2020 ўқув йили учун болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига 1-синфга қабул қилиш 2019 йил 15 июндан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали босқичма-босқич жорий этилади.

Тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, регламент талаблари қуйидаги умумтаълим муассасаларига нисбатан қўлланилади:

- бошланғич мактаб;
- умумий ўрта таълим мактаби;
- айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари бундан мустасно).

Қабул квотаси асосий ва қўшимча квота асосий ва қўшимча квота турларига ажратилади.

Асосий квота — туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини (кейинги ўринларда асосий квота деб аталади) инобатга олган ҳолда шакллантирилади;

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади.

Болаларни умумтаълим муассасаларига асосий квота бўйича қабул ҳар йили 15 июндан 31 августга қадар амалга оширилади.

Умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуд бўйича тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган болалар қабул қилинади.

Болаларни умумтаълим муассасаларига қўшимча квота бўйича қабул ҳар йили 15 июндан 31 августга қадар амалга оширилади.

Болаларни давлат мактабларига қабул қилишда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади. Платформада умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуддаги кўп қаватли уй ва кўча номлари, мактаб ёшидаги болалар сони, 1-синфга қабул режаси, қабул қилинган болалар сони ва бўш ўринларни мавжудлиги кўрсатилади.

Ариза берувчилар давлат мактабларига йўлланма билан мурожаат қилади. Йўлланма олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида (йўлланма билан бирга) умумтаълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни топширади:
 - боланинг соғлиги тўғрисида тиббий маълумотнома;
 - боланинг 3,5х4,5 см ўлчамли 4 дона рангли фотосурати;
 - ота-она паспорт нусҳаси;
 - боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси.

Қайд этилганидек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб масъул комиссия томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатга ҳужжат топширишучун абитуриентларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари орқали рўйхатдан ўтказиш белгиланган.

Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали кириш тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш белгиланмаган давлат ОТМга ҳужжат топшириш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган тартиб бўйича амалга оширилади.
Абитуриентлар ўзларининг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъий назар, исталган Марказга мурожаат қилиши мумкин.

ОТМларга ўқишга кириш учун ҳужжат ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) кўрсатилади.

ДХМ ходимига қўйидаги ҳужжатлар асл нусхаси тақдим этилади:
- фуқаролик паспорти;
- паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;
- умумий щрта таълим (11-синф), ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);
- имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Ҳужжатлар асосида ходим керакли маълумотларни электрон тизимга киритгач, уларни абитуриентга қайтаради. Яъни ҳужжатлар марказда қолмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг