Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактабдаги ўқувчи нега тажовузкор жиноятчига айланади?

Мактабдаги ўқувчи нега тажовузкор жиноятчига айланади?

Таълим муассасаларида ўқув машғулотлари ўз ниҳоясига етган бир пайтда ўтган ўқув йили сарҳисоб қилиниб, турли хил жиноятчилик, зўравонлик ҳолатлари таҳлил этилмоқда.

Дарҳақиқат, поёнига етган ўқув йили мобайнида ўз жонига суиқасд қилган олий ўқув юрти талабалари ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ахборот хизмати етказиб турди.

Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида ўқувчилар ўртасида пичоқбозлик, безорилик, ўғрилик, ҳатто тенгдошининг жонига қасд қилишга уринишлар, айрим ўрта-махсус билим юртларида эса вояга етмаган қизларнинг номусига тегиш каби жиноятлар содир этилгани ҳақида оммавий ахборот воситалари бонг урди.

Ҳақли савол туғилади. Таълим муассасаларида бундай ҳолатлар нега содир бўлмоқда? Бунинг илдизи қаерда? Муаммонинг ечими нимада?

Ушбу саволларга жавоб излар эканмиз, жорий йилда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ўтказган бир тадқиқот эътиборимизни тортди.

Унда иштирок этганлар (1619 нафар) орасида 12-17 ёш оралиғидаги, мактаб, Вояга етмаганлар билан ишловчи органлар рўйхатида турувчи, носоғлом оилавий муҳитда вояга етаётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари эканлиги қизиқишимизни янада оширди.

Психолог, педагог, ҳуқуқшунос ва бошқа соҳа вакилларидан иборат гуруҳ аниқлашдики, аввало, мактаб ўқитувчиларининг ўзи оилавий зўравонлик ва бундай оилада камол топаётган болага қандай муносабатда бўлиш ҳақида етарлича билимга эга эмас. сўровномада қатнашганлардан атиги 4,4 фоиз ота-она ҳамда 11,4 фоиз устоз-мураббийлар бундай болалар турли хил жиноятлар содир этиши, руҳий мувозанатдан чиқишига аввало оилабоши ва ўқитувчилар айбдор эканини тан олишди.

Қулоқсиз болаларни тарбиялашда куч ишлатиш керакми? Аксар ота-оналар ва ҳатто мактаб ходимлари ҳам жисмоний жазо турини қўллашни ҳамон маъқул кўришади. Уларнинг наздида бу тўғри тарбия усулларидан бири саналади. Аммо яна бир ҳақиқат борки, бошқалардан зулм кўрган шахс, у хоҳ катта, хоҳ кичик ёшда бўлсин, бу зулмни ўзида тўплаб, охир-оқибат уни жамиятга, ўз тенгқурларига ёхуд ўзидан заифроқ одамларга йўналтириши ҳеч гап эмас. Бир қатор руҳшуносларнинг фикрича, таълим муассасаларида рўй берадиган нохуш ҳолатлар: пичоқбозлик, ур-калтаклар замирида аслида мурғак қалбда йиллар давомида тўпланган хўрлик ва зулм ётади.

Қизиқ, мактабларда портлашга етилиб келаётган қалб — тажовузкор болани пайқаш ва унинг бўлажак салбий хатти-ҳаракатларининг олдини олиш тизими мавжудми? Назарий жиҳатдан — ҳа, бироқ амалий жиҳатдан — йўқ! Нега? Сўровда ўқитувчилар рўй-рост айтганидек, «бундай болалар билан тарбиявий ишларни олиб бориш шахсий вақт ҳисобига тўғри келади», «қоғозбозлик ишларини бирламчи ўринга қўювчи раҳбарият талабларини бажаришни деб эътиборталаб ўқувчилар эътиборсиз қолиб кетади», «психологлар таълим даргоҳидаги ҳамма ўқувчиларни қамраб ололмайди, зотан, психологга ажратилган штат ва кадрлар етишмайди», «мактаб психологларига етарлича ваколатлар берилмаган, улар оғзаки панд-насиҳат билангина чекланишга мажбур»... Мана иқрорлар, мана изоҳлар. Уларни рад этишнинг-да, ҳамфикр бўлишнинг-да иложи йўқ. Бу ёқда эса билимга чанқоқ оддий ўқувчидан психо-физиологик жиҳатдан зиддиятлару қарама-қаршиликларга юз тутаётган инсон тақдири ётибди. Хулоса ўзингиздан!

Бобур Элмуродов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг