Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маҳкумнинг на ўлгани маълум, на тирик экани?! Ажаб...

Маҳкумнинг на ўлгани маълум, на  тирик экани?! Ажаб...

Роппа-роса ўн тўққиз йил бурун, 2000 йилнинг 15 май санасида бир қатор ўта оғир жиноятларда айбланиб ўлим жазосига маҳкум этилган шахснинг оила аъзолари бир саволга жавоб излайди: жазо ижро этилганми?

Бу саволга тайинли жавоб йўқ!

Хуллас, «Advokatnews.uz» ёзяпти:

Ўн тўққиз йил аввал олий жазо раво кўрилган хоразмлик Ходжаев Полвонназар хотин, бола-чақасининг боши қотган. Йўқ, гап маҳкум айбланган жиноятлар ҳақида кетмаяпти. Гап жазонинг ижро этилган-этилмаганлигида. Нега десангиз, бу ҳақда унинг яқин қариндошларига шу пайтгача тегишли маълумот юборилмаган. Унинг ўлганлигини тасдиқловчи маълумот мавжуд эмаслиги боис маҳкумнинг номидаги уй-жойларни расмийлаштиришда муаммолар юзага келаётир.

Дастлаб маҳкумнинг турмуш ўртоғи жазо ижро этилган ёки этилмаганлиги тўғрисида маълумот беришни сўраб, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига мурожаат қилган. Суд ҳукм ижросига оид маълумот мазкур суд архивида йўқ, дея жавоб беради.

Шундан сўнг адвокат ёлланади. Адвокат ўз ваколатлари доирасида, 2018 йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилиб, ушбу ҳукм ижро этилган ёки йўқлиги тўғрисида маълумот берилишини, агар ижро этилган бўлса, маҳкумнинг ўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари тақдим этилишини сўрайди.

Шу ўринда бир нуқтага эътибор беришингиз сўралади. Адвокат мазкур сўровномасида ушбу масалада маҳкумнинг турмуш ўртоғи аввал Тошкент вилоят судига мурожаат қилганини, суд идораси эса ўз архивида бундай маълумот мавжуд эмаслиги тўғрисида жавоб берганлигини алоҳида эслатади.

Бироқ ИИВ ЖИЭББ мутасаддилари бу маълумотни... эътибордан четда қолдиради шекилли, адвокатга  «Тошкент вилоят судига мурожаат этишингиз лозимлигини маълум қиламиз», дея (2018 йил 1 октябрь) жавоб йўллайди.

Шундан сўнг адвокат ушбу ёзишмаларни илова этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилади: аҳвол шундай, муҳтарам прокурор, бунга ҳуқуқий баҳо берилмаса бўлмайди, оғриқли савол ҳамон кўндаланг: жазо ижро этилганми-йўқми?

Адвокатнинг мазкур мурожаатномаси Бош прокуратурадан (12.10.2018 й) Тошкент вилояти прокуратурасига, у ердан (18.10.2018 й.) Тошкент махсус прокуратурасига, ундан (28.10.2018 й.) Ички ишлар вазирлигига юборилади. Вазирлик бу хатни Жазони ижро этиш бош бошқармасига юборган бўлса керак, у ердан ( 24.11.2018 й.) худди аввалгидек жавоб келади: «...Тошкент вилоят судига мурожаат этишингиз лозимлигини маълум қиламиз». Фақат бу сафар шундай изоҳ изоҳ қўшилганди жавобда: «Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 140-моддаси 5-қисми талабларига асосан, ҳукм чиқарган суд органи томонидан ҳукм ижро этилгани юзасидан яқин қариндошларини хабардор қилиши белгиланган...»

Буни тушунтиришга ҳожат йўқ эди аслида. Маҳкум яқинлари бундай тартибни билгани учун ҳам энг аввал Тошкент вилоят судига мурожаат қилганди-да. Аҳволни кўриб турибсиз: судда ҳукм ижро этилгани ҳақида маълумот йўқ, ИИВнинг тегишли бош бошқармаси эса «судга боринглар», дейишдан чарчамаяпти...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг