Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Лаби Ҳовуз»да саҳна йўқ. Ахлоқсизлик-чи?

«Лаби Ҳовуз»да саҳна йўқ. Ахлоқсизлик-чи?

Яқинда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида «Лаби Ҳовузда «дискотека»? Буниси ошиб тушибди!» сарлавҳали кулчадеккина мақола эълон қилинган эди. Мазкур мақола «Azon.uz» сайтидан олинганини матндаги ҳаволадан кўплар англаган бўлса керак.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мақола юзасидан қуйидагича муносабат йўллабди:

«Лаби Ҳовуз мажмуасида «Аль Муҳаммад» хусусий корхонасига қарашли «Лаби Ҳовуз» ресторани (умумий овқатланиш шохобчалари) мавжуд. Ушбу умумий овқатланиш шохобчалари 1997 йил 15 апрелдан буён фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг иш тартиби эрталаб 8:00дан кеч соат 23:00га қадар белгиланган. Мазкур савдо шохобча маъмурияти Бухоро вилоят ИИБ хавфсиз туризм инспекцияси билан биргаликда жамоат тартибини, хавфсизликни сақлаш мақсадида 16 та видеокамера ўрнатган. Мазкур мажмуа жонли ижродаги концерт дастурларини ўтказишга мослашмаган ва бундай тадбирлар ўтказилмаган. Шундай бўлса-да, ресторанда мусиқий кичик овоз кучайтиргич орқали, сайёҳлар талабидан келиб чиқиб мусиқа қўйилади.

Савдо мажмуасида хорижий ва маҳаллий сайёҳларга умумий овқатланиш хизмати кўрсатилиб, жами 120 ўринга мўлжалланган. Асосан тушлик ва кеч соат 19:00да хизмат кўрсатилади.

Мазкур савдо мажмуасида тегишли назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказилган. Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмагани аниқланди.

Мажмуа ҳудудида мастлик ҳолати ва бошқа жамоат тартибига таъсир қилувчи ҳолатлар кузатилмаган (видеокамера ёзувлари асосида).

«Лаби Ҳовузда «дискотека»? Буниси ошиб тушибди!» сарлавҳали мақола нима учун бундай номланганини билиш истагида маданият вазирлиги матбуот котиби «Xabar.uz» сайтига мурожаат этди. Мурожаат натижасида мақола «Azon.uz» сайтида «Лаби Ҳовуздаги «қора доғ» сарлавҳаси остида чоп этилгани маълум бўлди.

Маданият вазирлигининг Бухоро вилоят бошқармаси вакиллари томонидан «Лаби Ҳовуз» ҳудудида жойлашган «Аль Муҳаммад» хусусий корхонасига  мурожаат этилди. «Дискотека таомхонада ташкил этиляптими?» деган савол берилди ва ўрганилди. Саволимизга исботловчи далиллар билан юзланишди, аниқланишича, «Аль Муҳаммад» хусусий корхонасида дискотека ташкил этиш учун мўлжалланган жой (саҳна) йўқ, шу билан бирга, 120 ўринга мослаштирилган ресторанда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар мурожаатига кўра кўнгилочар мусиқалар янграйди. Рақс тушиш истагида бўлган сайёҳ ўз жойида туриб рақсга тушиши мумкин. Тартибни сақлаш учун ИИБ хавфсиз туризм инспекцияси доимий хизматда, шунингдек ресторан ёнида тиббий ёрдам хизмати ҳам ташкил этилган. Бу бизнинг маданий мерос объектларимизни кўриш истагида бўлган сайёҳлар учун яратилган шароитлардан биридир...»

Бироз чўзилган муносабатдан кўринадики, ҳаммаси жойида, сайт ходимлари бекорга ваҳима қилган, нимаики қилинмасин — ҳаммаси маҳаллий ва хорижий меҳмонлар кўнглини олишга қаратилган. Тушунарли. Бироқ, барака топгурлар, мақолада Бухорога келаётган меҳмонларга қандай хизмат кўрсатилмоқда, деган савол қўйилмаганди-ку?!  Аксинча, келаётган меҳмонлар бугунги маънавий-ахлоқий ҳолатимизни кўриб, не ўйларга боришидан тавиш изҳор қилинган. Яъни,  Лаби Ҳовуздаги замонавий «дискотека» ташкил қилингани (майли, саҳнаси бўлмасин, ҳар ким ўз жойида ликкиллаб ўйинга тушса ҳам), баланд овозли мусиқа (паст оҳангдаги мусиқага биров рақс тушишига ҳам ишонайлик, хўп), спиртли ичимликлар, маст-аласт кишиларнинг ўзини билмас ҳоллари...  Шуларга  урғу берилган. Туристлар нима учун келади?  Аввало, юртимиз, хусусан, Ислом тарихига бўлган қизиқиш уларни қадимий гўшаларга етаклайди. Лаби Ҳовуздаги «олатасир» рақслар, айш-у ишрат, маст-аластларни кўриб,  ўзбекнинг миллий-диний қадриятлари, урф-одатлари қани, дейишаётган бўлса, ажабмас. Яна ўйлашаётган бўлса керакки, одоб-у ҳаёда ўз вақтида дунёга намуна бўлган ўзбекларнинг аҳволи шуми?

Наҳот мутасаддилар мақолада гап маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида кетганини илғашмаган бўлса?

Қадимдан илму ирфон маркази бўлган Бухоронинг қадрини сақлаш, аввало, ўз шаънимизни муҳофаза қилиш эмасми?

Ўзгалар олдида ўзлигини намоён этган миллатгина ҳурматга лойиқ кўрилади. Ўзгалар ҳурматини қозонишни хоҳлаган миллат эса миллий қадриятларига зид хатти-ҳаракатлари билан «ўзлигини намоён» этмайди.

Эндиям тушунарли бўлмадими?

P. S. «Лаби Ҳовузда»ги айнан бугунги манзаралар акс этган суратларни қўйиб, таъбингизни баттар тирриқ қилгимиз келмади, рости. Муборак кунларда нафсининг йўриғига юришдан уялмаган юртдошларимиз қиёфасини сайтда беришга биз уялдик. Қолаверса, мақсад қадимий гўшада мастона-мастона юрганларнинг қиёфасини кўрсатиш эмас. Бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди.  Муаммо ечими эса, аввало, мутасаддиларнинг масалага холис қараб, зарур тадбирлар кўришга чин дилдан киришишида.

Вассалом.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг