Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Клиник ўлимдан сақлаб қолинган боланинг ҳолати ҳозир қандай? Бир қаҳрамонлик тарихи (видео)

Клиник ўлимдан сақлаб қолинган боланинг ҳолати ҳозир қандай? Бир қаҳрамонлик тарихи (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Ижтимоий тармоқларда клиник ўлим ҳолатидаги бола оталаринголог-шифокор томонидан қутқариб қолингани тасвирланган видеолавҳа тарқаб кетган эди. Xabar.uz сайти шифокор кўрсатган қаҳрамонлик тафсилоти ва болакайнинг айни вақтдаги ҳолати ҳақида маълумот олди.

Маълум бўлишича, 2 ёшли болакай ота-онаси билан автомобилда кетаётган вақтда соғлиги кескин ёмонлашган. У ўткир респиратор касаллик – шамоллаш оқибатида вируслар қўзғатадиган, келиб чиқиши бир-бирига ўхшаш ўткир инфекцион касалликлардан бирига чалинган бўлган. Жазирама об-ҳаво таъсирида иситма кескин кўтарилиб кетган. «Бундай вақтда организм иситмага турлича реакция билдиради. Баъзан бирдан иситма кўтарилиши натижасида талваса бошланиши, мияга кислород етиб бориши қийинлашиши ва клиник ўлим ҳолати юзага келиши мумкин», — дейди 3-сон болалар клиник шифохонаси шифокори Гулчеҳра Исхакова.

Бола хушидан кетгач ота-она шошилинч равишда биринчи учраган даволаш муассасасига мурожаат қилади. Бу вақтда бола клиник ўлим ҳолатига тушиб қолган эди.


Клиник ўлим – ҳаёт фаолиятларини тиклаш имкони қолмагунча, яъни биологик ўлимгача бўлган давр; бунда ҳаётнинг ташқи белгилари (юрак уриши, нафас) 3-5 дақиқа йўқолади, марказий нерв тизими фаолиятлари сўнади, лекин моддалар алмашинуви жараёни сақланади. Бу вақтда унинг ҳаётини ҳали қутқариб қолиш имкони бўлади.


Ота-она тасодифан дуч келган муассаса лор-оталаринголог хусусий шифохонаси эди. Уларнинг бахтига бу ерда шифокор-оталаринголог Сергей Владимирович Тобиас ишлайди. У гарчи реанимато́лог бўлмаса ҳам касб маҳоратини намойиш этади ва болани қутқариб қолади. Сергей Владимирович беморга қай тариқа сунъий нафас олдиргани ва юрагини массаж қилгани видеода тасвирланган.

Фото: Телеграм / Қўшни маҳалла

«Ҳамкасбимиз барчасини тўғри бажарган. У боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шошилинч реанимация тадбирларини аниқ бажарган. Натижада нафақат боланинг ҳаёти сақлаб қолинди, балки унинг организмига ортиқча заҳмат ҳам етмаган. Шундан сўнг ҳам қолган жараёнлар тўғри амалга оширилиб, бемор 3-сон болалар клиник шифохонасига тез ёрдам машинасида, шифокор кўриги остида юборилган.

Кўрсатилган биринчи ёрдам муваффақиятли амалга оширилгани боис болани реанимация бўлимида олиб қолишга ҳам эҳтиёж аниқланмади. У айни вақтда онаси билан бирга шифохонамиз бўлимларидан бирида даволанмоқда. Тегишли муолажа белгиланган ва шифокорларимиз назоратида бўлиб турибди. Худо хоҳласа барча даволаш муолажаларини амалга ошириб, соғлом ҳолатда шифохонамиздан чиқиб кетади», — дейди шифокор.

— Аслида бундай қаҳрамонликлар шифохоналарда ҳар доим учрайди, — деди суҳбат охирида Гулчехра Анваровна. — Юртимизда ҳар куни шифокорлар беморлар ҳаёти учун курашади. Сиз мана шундай қаҳрамонликлардан бирини бугун ўз кўзингиз билан кўрдингиз...

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг