Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Журналистман демайсизми, оға, сиздан пул олармидик?»

«Журналистман демайсизми, оға, сиздан пул олармидик?»

Ўтган якшанба куни Ҳазорасп туманидаги мол бозорида таниш ва ғалати манзаранинг гувоҳи бўлдим. Шундоқ дарвоза олдида қоқшол бир танани етаклаб чиқаётган отахоннинг олдини бозор маъмуриятининг «учар» йигитлари тўсишди.

- Отес, 40 000 сўм тўлаб чиқасиз!

- Ҳов, улим, нечун, нимага тўлашим керак? – ҳайрон бўлиб сўради отахон.

- Чек пули шундай! – безрайганча жавоб берди иккинчи йигит жўрасига «ҳассакашлик» қилиб.

- Ахир мен мол сотганим йўқ, балки сотиб олдим. Чек пулини мол сотган одам тўламайдими? – деди ажабланган чол.

- Йўқ, бизда мол сотиб олиб, бозордан чиқаётган одам пул тўлайди, – деди бараварига йигитлар.

Кекса бобонинг пешонасидан тер чиқиб кетди. Чўгирмасини даст қўлига олганча чопонининг енглари билан манглай терларини артди ва ялинганнамо оҳангда деди:

- Улим, бу тириқи сигирни 4 миллион сўмга олдим. Ёнимда бор-йўғи 20 000 сўм қолибди. Ма, шунга рози бўлгин-да, ўтказиб юбора қол!

Йигитларнинг баттар энсаси қотди. Нуронийнинг ялингани улар кўнглини зиғирча ҳам эритолмади. Давроза олдида ади-бади бошланди...

Воқеани бир чеккада сақич чайнаганча кузатиб турган Ҳазорасп мол бозори раҳбари Тўти Ўрозметова гапга аралашди: «Боллар, давай, чолнинг қўлидан молни олиб ичкарига бойланглар! Қачон пул топиб, чек пулини тўласа, ўшанда опкетади!».

Йигитлар арқонни бобойнинг қўлидан юлқиб олганча, жониворни ичкарига етаклади. Отахон зор ялинганча уларнинг йўлини тўсди. Ёшларнинг беадаблигини кўриб чидолмаган бошқалар аралаша бошлади. Кимдир сўкинганча дарвозабонларнинг қўлига 10 000 сўм пул тутқазди: «Ма, ол, камига етар? Отанг тенги одамни қийнашни бас қил!».

- Яна 10 минг! Бир бош сигирга 40 000 сўм чек оламиз, - деди Тўти Ўрозметова.

- Тўрт нафар боласи билан тул қолган қўшни келин тежаб-қимтиб йиққан пулига сигир оберинг деган эди, жониворнинг эгаси ўшалар. Шу бечоралар учун 30 000 сўмга рози бўл, - деди отахон лаблари титраб.

Отанинг гапларидан кўзига жиққа ёш тўлган ҳалиги жўмард одам йигитларга яна 10 000 сўмни шартта узатди...

... Бир неча йил аввал ўзим ҳам шу отахон аҳволига тушганимни эсладим.

Ўшанда вилоятимизда барпо қилинаётган муҳташам жомеъ масжиди қурилишида иштирок қилаётган ҳашарчиларга эҳсон оши бериш ниятида қўчқор сотиб олгандик. Дарвозадан чиқар пайт бир аёл келиб шартта йўл тўсди: «Чекнинг пулини тўлаб кет!».

Мен унга одатда бозорларда харидор эмас, балки бирор маҳсулот ёки жониворни сотган одам пул тўлашини тушунтирмоқчи бўлдим. Аёл эса шанғиллаганча қўчқорнинг арқонига ёпишди. Тушликда ҳашарчиларга эҳсон оши берилишини ўйлаб, шоша-пишганча киссамни ковлаштирсам, бор-йўғи 8 000 сўм пул чиқди.

Пулни қўлимдан юлиб оларкан: «Яна 2000 сўм берасан! Бўлмаса, қўчқорни олиб бўпсан!» деди ҳалиги аёл.

Бу қўчқор ҳашарчиларга эҳсон учун олиб кетилаётганини айтгандим бу аёл сансирашдан сизлашга ўтди ва... кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шарт қўйди: «Оға, яхши, эҳсонга деганингиз учун қўчқорни бериб юбораман. Лекин «Шу ёшгача қилган эзгу ишларим ва шу қўчқор эҳсонининг савобларини сенга бахшида қилдим», деб кетасиз!».

О-ла!

Муаммо 2000 сўмда ҳам эмас. Савоб ишларни бошқа бировга бахшида қилиш нечоғлик шариатимизда тўғри ёки нотўғрилигини билмаганим учун эмас, балки бу аёлнинг инсофсизлигидан қаттиқ жаҳлим чиқди. Ҳазораспдаги ҳамкасбларимга сим қоқиб, воқеа баён қилдим. «Мол бозор таниқли одамнинг жиянига тегишли. Унга гап тушунтириб ўтириш чикора», дейишди маҳаллий журналистлардан бири.

Э-ҳа, гап бу ёқда экан-да. Мана, аёлнинг дадиллиги «қуввати» қаерда?!

Қасдма-қасдига пул тўламадим. «Савобталаб» аёл эса эҳсонга аталган қўчқорни барибир олиб қолди!

Эртасига Ҳазорасп туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим. Мол бозори хўжайини ўша аёл – Тўти Ўрозметова эканини у маҳкамага чақирилгач билдим.

Турган гап, туман прокуратурасида аёл бошқача оҳангда сўзлашга ўтди: «Ахир, оғажон, журналистман деб ўзингизни таништирмайсизми? Айтганингизда, биз сиздан пул сўрармидик?».

Хуллас, туман прокуратурасига қилган мурожаатимдан сўнггина Тўти Ўрозметова сотиб олинган қўчқорни берадиган бўлди. Мен эса уни мол бозоридан эмас, балки унинг онасининг уйидан бориб олиб кетдим...

Ажабланарлиси шуки, ўшанда туман прокуратураси ходимлари Т.Ўрозметовага чек ундириш тартибини меъёрий қоидаларга мос тарзда тушунтирган бўлишса-да, орадан йиллар ўтса ҳам ҳеч ўзгариш юз бермабди. Ҳазорасп мол бозорида ўша-ўша ҳолат: мол сотиб олган одам чек учун пул тўлайди.

Хоразм вилоятининг кўпгина мол бозорларидаги аҳвол билан қизиқиб, суриштирувлар олиб борганимизда аксариятида чек учун пул ундирув тартиби рисоладагидай эканининг гувоҳи бўлдик. Қўшкўпир, Хонқа, Хива, Урганч туманларидаги бозорларда молни сотишга олиб келаётган фуқаро дарвозадан кираётганда жониворнинг ўртача оғирлиги ёки ёшига қараб пул тўлайди. Фақатгина Боғот тумани мол бозорида бир йилдан буён «Тўти Ўрозметованинг услуби» қўлланаётган экан. Илгари Боғотда бошқа туман мол бозорларидагидек тартиб мавжуд эди. Ҳозир эса... сабабини билолмадик.

Жоиз бўлса, «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади» деган иборани исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатга зид тартиб-қоидалар яратаётган мол бозорлари маъмуриятига нисбатан ишлатиш мумкин. Негаки, миллион-миллион сўмга мол сотиб олган фуқаро уни етаклаб бозордан чиқаётганида яна пул тўласа!.. Бу қайси мантиққа мос экан? Ахир азалдан бозорга чиқиб, бир боғ пиёз сотган одам ҳам ўтирган ўрин учун «таг жойи» деган ундирмани тўлайди-ку! Наҳотки, шу оддийгина Ҳазорасп ва Боғот туманлари мол бозорларига тадбиқ қилиш мушкул бўлса?!

Нима, қайсидир «катта»га тегишли экани айтиладиган жойларда алоҳида «тартиб» жорий этиладими?

Эрпўлат БАХТ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг