Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналист қишлоқ кезди: «Ичимдан нимадир чирт узилгандай бўлди...»

Журналист қишлоқ кезди: «Ичимдан нимадир чирт узилгандай бўлди...»

Фото: «Xabar.uz»

Танаси бошқа дард билмас, деган гап бор. Тўғри-да, қишнинг қаҳратонида бир тутам ўтин ёки икки челак кўмир тополмай совуқда қийналиб яшаётган одамларнинг аҳволини «зангори олов»ни гуриллатиб ёқиб, бола-чақаси билан иссиққина уйда ўтирган қайдан билсин?! Тасаввур қилиши мумкиндир-у барибир ҳис қилмайди, гап шунда.

Хуллас, Гурлан туманидаги Шанғи қишлоғига йўлимиз тушди.

Қишда вақт пешиндан оғдими, куннинг баракаси ўчди ҳисоб. Қишлоққа пешиндан кейин кириб бориб, бир-иккита одам билан гаплашишга улгурмай, оқшом чўкди. Эҳ, ҳали қиладиган ишларим кўп, яна қанча киши билан гаплашишим керак эди-я... Журналистлигимни билган шу ерлик Маҳмуджон таклиф киритди: «Мухбир ака, бугун бизникида меҳмон бўласиз. Эртага ишингизни битказиб кетаверасиз...» Илож қанча? Рози бўлдим.

Фото: «Xabar.uz»

Қишлоқда газ дегани анқонинг уруғи экан. Совуқдан азият чекаётганлар қанча?! Қишлоқ 2013 йили газ тармоғидан узилган, одамлари олти йилдирки уйларини кўмир ва ўтинда иситиб, қиш чиқаради. Кўмир ёки ўтинга кучига етмаганлар ғўзапоя билан кифояланишга мажбур. Хоналарда голланд печкалари қурилган. Кечқурун печкаларга солинган кўмир тонгга бормай кулга айланади...

Маҳмуджон ака менга уйининг иссиқроқ хонасидан жой қилиб берди. Унинг «Меҳмон, кийимингиз билан ётаверинг, тонгга яқин совқотасиз» деганигаям сабаб шу.

Хонадон эгаси невараларининг бошида қулоқчин, эгнида иссиқ кийим... Шу билан ётади, шу билан туради. Болалар бунга аллақачон кўникиб ҳам кетишган.

Ичимдан нимадир чирт узилгандай бўлди...

Фото: «Xabar.uz»

Шанғи қишлоғи «Нурли йўл» ва «Пахтакор» маҳаллаларидан иборат. Қишлоқ аҳли туман марказига бориш учун 10 километр йўл юриши керак. Яқин ўтмишда бу қишлоқ қандай эди-я... Энди-чи? Қишлоққа бу яқин орада умуман эътибор бўлмаганлиги шундоққина кўриниб турибди. Йўллар расво, ўйдим-чуқур, тоза ичимлик суви йўқ. Газни-ку айтмай қўяверинг.

Эрталаб маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан суҳбатлашиш учун қишлоқдаги яккаю ягона таълим даргоҳи бўлмиш 30-мактабга бордим. Ҳар иккала маҳалла фуқаролар йиғини мактабнинг эски биносида жойлашган экан. Энди бу ерни маҳалланинг биноси дейишга тилинг бормайди. Эски бино барибир эски-да.

— Нимаям қилардик, аҳволни кўриб турибсиз, шугина жойда бир амаллаб ишлаяпмиз, —дейди «Пахтакор» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Комилжон Солаев.

Фото: «Xabar.uz»

Қишлоқнинг ҳар икки маҳалласида жами 5281 нафар аҳоли истиқомат қилишар экан. Икки маҳаллада биттагина мактаб, бир боғчадан бошқа ижтимоий объектлар умуман йўқ. Умумтаълим мактабда 1000 нафардан ошиқ ўқувчи таълим тарбия олишмоқда. Мактаб торлиги сабаб, унинг «снос»га тушган эски биносида ҳам дарс ўтилаётганига гувоҳ бўлдик. Газ йўқ, мактаб қандай иситилаётган экан, дерсиз? Кўмир билан, албатта. Кўмирки, уни халқ тилида «кул кўмир» дейишади. Яъни, майда. Синф хоналари голланд печкалар ва қозонхона орқали иситилади. Майда кўмир, биласиз, ёнмайди. Шунинг учун уни «ғишт қилиб» қуйиб, кейин печкаларга тиқишмоқда. Балли азаматлар, дейишдан бошқа иложингиз йўқ.

— Маҳалламиз аҳолисининг ярмидан кўпига 500 килограммдан ҳам кўмир тегмади, — дейди «Нурли йўл» маҳалласи оқсоқоли Ўролбой Гулимов. — Бу, албатта оз. Бориям ўта сифатсиз. Аҳоли бир амаллаб кун кўрмоқда. Ички йўллар, кўприклар таъмири ҳақида мутасадди ташкилотларга уч тўрт маротоба чиқдик. Фойдаси бўлмади.

«Аҳолини иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш борасида қандай ишларни амалга ошираяпсизлар?» деган саволимизга фуқаролар йиғини раислари елка қисиб қўя қолишди.

Фото: «Xabar.uz»

Маҳаллада уч-тўрта шоли оқловчи ва ун қилувчи тегирмон, саноқли маиший хизмат дўконлари бор, холос. Қишлоқда бошқа тадбиркорлик объектларини учратмадик, ҳисоби. Катта корхонани қўйинг, кичик корхона дегани ҳам маҳалла аҳли учун эртак. Фермер хўжаликларида ишлаётган одамларнинг аҳволи-ку аён. Ўзининг қорни тўймай, бошқанинг қорнини тўйдирадиган фермерни учратганмисиз?!

...Шанғи қишлоғига қилган сафаримиз ҳам қариди. Яна кўп ҳолатлар ҳақида ёзишимиз мумкин эди. Бироқ тийилдик. Қисман қаламга олинганларининг ўзи ҳақиқий аҳвол ҳақида тасаввур бериб турибди. Муаммони айтиш осон, ёзиш осон. Шу билан иш битса, қани?! Ҳамма гап уларнинг ечимида.

Болтабой Матқурбонов
Хоразм

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг