Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жомадон, камера, ноутбук. Ўзбекистонга машҳур трэвел блогерлар келмоқда

Жомадон, камера, ноутбук. Ўзбекистонга машҳур трэвел блогерлар келмоқда

Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга машҳур трэвел блогерлар келмоқда. 10 нафар саёҳатчи блогернинг минтақа билан танишув сафари 8 августдан 18 августга қадар давом этади.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан ташкил этилган дастурдан кўзланган мақсад минтақа мамлакатларига туризмни тарғиб этишга кўмаклашишдан иборат.

Cynthia Bil (Journal of Nomads сайти), Alesha Bradford (NOMADasaurus сайти), Shivya Nath (The Shooting Star сайти), Alex Reynolds (Lost With Purpose сайти), Michael Turtle (Time Travel Turtle сайти) каби блогерлар Тошкент ва Самарқандда, шунингдек, Тожикистоннинг диққатга сазовор жойларида бўлади.

Fabio Nodari (Fabio Nodari Photo сайти), Jennifer Ruiz (Jen on a Jet Plane сайти), Nicole Smoot (Adventures of Lil' Nicki сайти), Valerie Stimac (Valerie & Valiseand Space Tourism Guide сайти), Shaolin Tran (We Travel the World сайти) каби блогерлар эса Қозоғистон ва Қирғизистонга боради. 

Саёҳат мавзусида ёзишга ихтисослашган блогерларнинг юртимиз ҳамда қўшни мамлакатлар ҳақидаги таассуротларини уларнинг веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали кузатиб бориш мумкин.

Трэвел блогерлар тарихий обидалар, экстремал ҳодисалар, бетакрор урф-одатлар, мафтункор табиат манзаралари каби минтақа ҳаётининг турли жиҳатларини ёритади. Ташкилотчиларга кўра, меҳмонлар тоғларни кезади, чавандозлик маҳоратини оширади, ўтовда тунайди. Шу тариқа халқаро миқёсда кўп минг сонли ўқувчиларга эга саёҳатчи блогерлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг ўзига хосликларини кўрсатиб беради.

Кўҳна ва навқирон Марказий Осиёда туризм борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар бисёр. Ушбу соҳа яқин келажакда мамлакатлар иқтисодиётини юксалтиришда ҳал қилувчи ўрин тутиши шубҳасиз. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳам туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиб, маҳаллий туристик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, меҳмонхона ва гид хизматини такомиллаштириш, янги туристик маҳсулотлар ишлаб чиқишга кўмаклашмоқда.

Трэвел блогинг – саёҳат блогерлиги охирги йилларда шиддат билан ривожланмоқда. Маҳоратли блогерларнинг кўп минг сонли муштарийларга эга бўлаётгани, қолаверса, мўмай даромад топаётгани соҳага қизиқишни оширмоқда. «Forbes» нашри хулосасига кўра, «Youtube» тармоғида энг катта аудиторияга эга 10 нафар блогер 2018 йилда 181 миллион доллар ишлаган. 

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг