Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жиззахда ЙҲХ ходими калтаклангани бўйича расмий баёнот берилди

Жиззахда ЙҲХ ходими калтаклангани бўйича расмий баёнот берилди

Фото: «Google.com»

Ижтимоий тармоқларда «Жиззахда ГАИ билан ҳайдовчи урушиб кетди. Ҳайдовчи ўзига ўзи қилди лекин. Энди бу ҳайдовчини узоқ кунлик сафарлар кутмоқда» номи билан тарқатилган видеоматериал Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бериб ўтди.

Маълум бўлишича, 2019 йил 10 июнь куни соат 15.30ларда, Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган тақсимотга асосан, Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори С.Ғаниев, Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида жойлашган «Халқобод» деҳқон бозори олдида хизмат олиб бораётган вақтида, шу кўчанинг «Жиззах-Учтепа» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган «ВАЗ-2101» русумли 25 N 932 СА давлат рақам белгили автомашина ўрнатилган тартибда жезль ёрдамида тўхташ ишораси билан тўхтатилган.

Аниқланган камчиликлар юзасидан инспектор С.Ғаниев ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтида, шу ердан ўтиб кетаётган маст ҳолатдаги Нодир Иномов қонуний фаолиятини бажараётган инспекторнинг хизмат вазифасига асоссиз аралашиб, унинг бош ҳамда баданининг турли соҳаларига қўллари билан урган. Шу атрофга хизматга жалб қилинган патруль-пост хизмати ходими ҳамда нотаниш бўлган йўловчи шахслар томонидан Нодир Иномов содир этаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйилган. Нодир Иномов Жиззах шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли Ички ишлар бўлимига олиб келинган.

Жиззах вилояти Наркология диспансерининг 2019 йил 10 июнь кунидаги маълумотномасида, фуқаро Нодир Иномов «алкоголдан мастлик ҳолатида» экани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 2019 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Нодир Иномов Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг