Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳонгир Ортиқхўжаев «The Guardian»нинг танқидига жавоб берди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев «The Guardian»нинг танқидига жавоб берди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Британиянинг «The Guardian» нашрида 2 апрель куни чоп этилган «Огоҳлантиришсиз кўчириб юборилганлар: Тошкентдаги кутилмаган бузилишлар одамлар ғазабини келтирмоқда» номли мақолага жавобан хат юборди. Ҳокимнинг хати «The Guardian»нинг сайтида эълон қилинди.

Нашр мақоласида ёзилишича, Тошкентда уйларнинг бузилиши натижасида 10 мингга яқин киши уйларидан кўчириб юборилган. Яна 30 минг кишининг уйлари бузилиш арафасида.

«2,4 млн аҳоли яшайдиган Тошкентда аксарият бузилишлар шаҳар марказида — кўчмас мулк нархи энг қиммат бўлган жойларда амалга оширилмоқда. Мансабдорлар кўчмас мулк бўйича келишувлар орқали бойиш мақсадида одамларни ўз уйларидан чиқариб юборишмоқда. Улар бу бузилишларни ер «давлат эҳтиёжлари» учун керак, деган сабаб билан оқлашмоқда», - дейилган мақолада.

Бунга жавобан Ортиқхўжаев «мақолани ҳайрат билан ва хафсаласи пир бўлиб ўқиган»ини ёзган.

Унинг таъкидлашича, мақоладаги одамлар огоҳлантиришсиз чиқариб юборилаётганлиги ҳақидаги фикр нотўғри. Барча одамлар огоҳлантирилган. Шунингдек, айтилишича, мақола муаллифи шаҳар маъмурияти билан боғланиб, келтирилган рақамлар ҳаққонийлигини текшириб кўрмаган.

«Тошкентдаги ҳар қандай бузилиш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу кўп қаватли уйлар ёмон аҳволда бўлгани сабаб амалга оширилмоқда. Аксарият юолларда бу туманлардаги инфратузилма сув таъминоти ва канализациянинг бутунлай қайта қурилишини талаб этади»,-дея қайд этади пойтахт ҳокими.

Ортиқхўжаев Ўзбекистон қонунчилигига кўра, бинолар бузилиши у ердаги аҳолини тўлиқ огоҳлантириш ва уларга зарарни қоплаш ишларисиз амалга оширилиши мумкин эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган.

«Биз шаҳримиз аҳолисининг турмушини яхшилаш, турар-жой фонди сифати ва хавфсизлигини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Барча уй эгаларига яхши шароитли уйлар таклиф этилган ва ҳеч қандай қонунлар бузилмаган»,-деб ёзган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг