Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Қуръон тиловат қилинди

Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Қуръон тиловат қилинди

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.  Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган. Оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган. 

Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган. 

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Каримов хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги қарорига асосан буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.

Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев  ушбу ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади. 

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари,  нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Самарқанд Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Маълумки, Биринчи Президентимиз ушбу қадимий шаҳарда туғилган, унинг ҳар томонлама ривожланишига катта эътибор қаратган. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан бу ерда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. 2007 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланган. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий қадамжолар обод қилинган. Ўнлаб замонавий иншоотлар, хиёбонлар, фавворалар барпо этилган.

Кейинги йилларда қад ростлаган Ислом Каримов мақбараси ва ҳайкали Самарқанддаги ана шу обод масканлар қаторига қутлуғ қадамжо бўлиб қўшилди. 

Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди. 

Қарши шаҳрида ҳам буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахтимиз ва вилоятларда Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг