Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инспекция 7,4 млрд сўмлик газ ўғирланганини аниқлади

Инспекция 7,4 млрд сўмлик газ ўғирланганини аниқлади

Жорий йилнинг 2 декабридан 9 декабрига қадар «Ўзнефтгазинспекция», «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда «Ўзстандарт» агентлиги мутахассислари билан биргаликда республикада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича ўтказилган тадбирларда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра газ таъминоти корхонасига 7 млрд 439 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди, деб хабар бермоқда инспекция ахборот хизмати.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган «RUN TONG METAL INDUSTRIAL» МЧЖ ва Ангрен шаҳридаги «Lyux granit» МЧЖ корхоналари текширилганда газ ҳисоблаш ускунасига (счетчик) ташқаридан таъсир етказишга шароитлар яратилганлиги маълум бўлган. Яъни, газ ҳисоблагич хотирасидаги фойдаланилган газ миқдори тўлиқ ёзиб борилмаган.

Ҳисоблаш ускуналари конфигурацияси ўзгартирилганидан ташқари, бир неча кун давомида ҳисоблаш ускуналари электр таъминотидан узилган ҳам бўлган, шунга кўра шу вақт мобайнида ишлатилган табиий газнинг сарфланган миқдори сақланиб қолмаган.

«Тошкентгаз» ҳудудий филиали томонидан берилган техник шартга кўра, «RUN ТОNG METAL INDUSTRIAL» МЧЖ корхонасида табиий газнинг умумий соатбай сарфи 3600 метр куб/соатни ташкил этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 30 кун давомида ноқонуний фойдаланилганлик ҳажми 2 млн 592 минг метр кубни ташкил этиб, бу 1 млрд 710 млн сўм миқдордаги зарар етказилган.

«Lyux granit» МЧЖ керамика маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехида, техник шартга кўра, табиий газнинг умумий соатлик сарфи 1683,4 метр куб/соатни ташкил этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 45 кун давомида ноқонуний фойдаланилган ҳажми 3 млн. 156 минг метр кубни ташкил этиб, бу эса 3 млрд 156 млн сўм миқдордаги зарар етказилганлигини англатади.

Бундан ташқари яна бир ўғирлик Ангрен шаҳридаги «Ангрен Нефть Бизнес» корхонасига қарашли  автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ҳам аниқланди. Ушбу корхонада газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан 53 кун давомида ноқонуний фойдаланилганлик натижасида ҳажми 1 млн 272 минг метр кублик, 1 млрд 272 млн сўмлик зарар етказган.

Шунингдек, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 10 та иссиқхона, паррандачилик хўжаликлари, сопол буюмлар ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа фаолият билан шуғулланувчи 196 та корхонада жами табиий газнинг ноқонуний истеъмоли ҳажми 1 млн 301 минг метр куб (1 млрд 118 млн сўм) ни ташкил этиб, 1 млрд 506 млн сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилганлиги маълум бўлган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг