Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иккита хотиндан уч нафар фарзанд. Алиментчи ота нима қилди?

Иккита хотиндан уч нафар фарзанд. Алиментчи ота нима қилди?

Фото:«Delo.ua»

Бировнинг шахсий ҳаётига аралашиб бўлмайди. Бироқ, қонун изн берадиган ҳолат бундан мустасно. Турмуши ўхшамай бир, икки, ҳатто уч марта уйланган одамга: «бўлди-е, хотин қўлқопмидики, алмаштираверсанг-алмаштираверсанг?!» қабилида панд-насиҳат қилиш мумкин, илло, Худо инсоф бермас экан, уйланишини таъқиқлаб бўлмайди. Аммо икки ўртада туғилган фарзандларнинг моддий таъминоти борасида отага (ўрни келса, онага ҳам!) нисбатан  тегишли таъсир чораси қўллашга монелик йўқ.

Олотлик  И.Ў. аввалги икки оиласидан уч нафар фарзанд  кўрганди.  Иккала турмуши ҳам ўхшамади. Собиқ рафиқалари даъвосига кўра ундан фарзандлари моддий таъминоти учун  фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди қарори билан алимент ундириш белгиланганди.

Ота томонидан  белгиланган алиментни  ўз вақтида тўлаш борасида муаммо туғилмадику-я, бироқ унинг мамлакат ташқарисига чиқишига чеклов қўйилганди барибир. Рост-да, осонгина четга чиқволган фуқаро мажбуриятини бажармай юраверса, бундан фақат гўдаклари қийналади. Шу ва шу каби аччиқ тажрибалар боис қонунчиликка алоҳида меъёр киритилиб, алимент тўлаётган фуқарога фарзанди то вояга етгунча мамлакатдан чиқишига  вақтинчалик чеклов қўйиладиган бўлди.

Олотлик И. Ў.  вазият тақазосига кўра, четга чиқишига тўғри келди. Яхши. Бунинг учун фарзандлари учун тўланадиган алимент миқдорининг ҳамммасини  биттада тўласин,  оқ йўқ.

Мажбурий  ижро бюросининг Олот тумани бўлими ходимлари унга шу ҳақда тушунтиришган эди, ота рози бўлди: қанча тўлашим керак?

Дарҳол ҳисоб-китоб қилинди:  ота уч фарзанди учун улар то вояга етгунча умумий ҳисобда яна 50 миллион сўм тўлаши керак экан.

Ота рози бўлди ва тегишли суммани бир зарбда ва нақд кўринишда фарзандларининг оналарига топширди.

Шу билан ижро иши тугатилиб, И. Ў.га нисбатан қўлланган барча чекловлар бекор қилинди.

Алқисса, аёлларнинг кўнгли тўқ энди. МИБ ходимлари ҳам битта ижро иши поёнига етганидан хурсанд. Нега хурсанд бўлишмасин?! Бировдан  пул ундиришда озмунча  балоларга гирифтор бўляптими улар?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг