Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ички ишлар ходимларининг пахтага мажбуран жалб этилиши юзасидан изоҳ берилди

Ички ишлар ходимларининг пахтага мажбуран жалб этилиши юзасидан изоҳ берилди

Куни кеча ижтимоий тармоқ ва айрим ОАВларда ИИВ ходимларини пахта теримига мажбуран жалб этилиши тасвирлаган видео намойиш этилди. Ўз навбатида ИИВ Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси мазкур масала юзасидан махсус баёнот билан чиқди. 

«Кейинги кунларда ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг тингловчилари пахта йиғим-теримига жалб этилишидан норозилиги ҳақидаги видеолавҳалар интернет ижтимоий тармоқларида тарқалди.

Мазкур видеолавҳалар ўқув марказларига жорий йилнинг 11 сентябридан бошлаб, бир ойлик малака ошириш ўқув йиғинига келган айрим тингловчилар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилган.

Ушбу қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирон-бир топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади.

Тарқатилган видеолавҳаларда тингловчилар ўқув масканлари ҳудудида эканлиги ва пахта терими билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай ҳолатлар акс эттирилмаганлиги кўриниб турибди. Бундан ташқари, ушбу лавҳалар айрим тингловчиларнинг асосланмаган фикрларига кўра атайин тайёрланиб, ички ишлар органларини обрўсизлантириш, ходимлар шаънига путур етказиш мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилганини англаш қийин эмас.

Айни пайтда ўқув марказларида юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ички суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари учун ҳар қандай ҳолатда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда, энг аввало, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилиш олий бурч ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари бошқа тадбирлар қаторида пахта йиғим-терим мавсумида жамоат тартибини сақлаш, пахта ҳосилининг нес-нобуд бўлиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, теримга жалб этилган ҳашарчиларни ташиш вақтида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа оммавий тадбирларда амалдаги низом ва буйруқлар асосида фаол иштирок этмоқдалар.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати турли ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан тасдиқланмаган ахборотларга ишониб, ортиқча эҳтиросларга берилмасдан, вазирликнинг расмий маълумотларига таянган ҳолда фикр юритишларини сўрайди.

Ижтимоий тармоқлардаги ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай хабар ёки маълумотлар бўйича вазирликнинг ваколатли органлари томонидан расмий муносабат билдириб борилади».

ИИВ баёноти шу тарзда якунланган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг